Украина расмийлари Киев шаҳри ва бошқа ҳудудларга қилинган йирик ҳужумлардан сўнг халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди. Мамлакат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказиш ҳақида расмий сўров йўллади. Бу ҳақда қатор халқаро оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, агентлик манбаси йиғилиш санаси аниқ белгиланмаганини айтган. Бироқ сўров БМТ Низомининг 34 ва 35-моддаларига асосланган. 34-модда Хавфсизлик Кенгашига халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи вазиятларни ўрганиш ҳуқуқини беради. 35-модда эса БМТга аъзо исталган давлатга муаммоли вазиятни Хавфсизлик Кенгаши ёки Бош Ассамблея муҳокамасига олиб чиқиш имкониятини тақдим этади.
Таъкидланишича, йиғилиш кун тартиби “Украинада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш” мавзусига бағишланиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги 28 августга ўтар кечаси Украинадаги ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналари ва ҳарбий ҳаво базаларига “узоқ масофага мўлжалланган аниқ қуроллар” ҳамда ҳужумчи дронлар ёрдамида йўналтирилган зарбалар берилганини маълум қилди.
Украина ҳукумати эса бунга жавобан Киев шаҳридаги аҳоли яшайдиган турар-жой кварталлари ҳам ҳужумга учраганини таъкидламоқда. Расмий маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 19 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Мазкур воқеа халқаро ҳамжамиятда катта ташвиш уйғотди. Украина БМТдан жаҳон миқёсида хавфсизлик ва тинчликни таъминлашда фаолроқ иштирок этишни сўрамоқда. Шу боис яқин кунларда БМТ Хавфсизлик Кенгашида Украинадаги вазият бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!