Австралия ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш йўналишида навбатдаги йирик операция амалга оширилди. Чегара қўшинлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат тарихидаги энг катта гиёҳванд модда партияларидан бирини мусодара қилишга муваффақ бўлди.
Расмий маълумотларга кўра, қўлга олинган наркотик моддаларнинг умумий қиймати 64 миллион Австралия долларини ташкил этган. Бу қарийб 41,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, умумий оғирлиги деярли 900 килограммга яқин экани айтилмоқда. Мазкур кўрсаткич Австралия учун мутлoқ рекорд сифатида қайд этилди.
Полиция баёнотида айтилишича, ҳозирда Янги Жанубий Уэлс штати орқали амфетамин туркумидаги гиёҳванд моддаларни мамлакатга олиб киришга уриниш билан боғлиқ жиноий фитна юзасидан кенг кўламли тергов ишлари олиб борилмоқда. Баёнотда бу ҳолат “Австралия тарихидаги энг йирик гиёҳвандлик жиноятларидан бири” сифатида баҳоланди.
Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, гиёҳванд моддалар махсус усул билан яширилган. Улар пружинали булон кўринишида ниқобланган ҳолда идишларга жойланиб, ташқи кўриниши орқали диққатдан четда қолишга ҳаракат қилинган.
Терговчилар тахмин қилишича, мазкур жиноят ортида халқаро миқёсда фаолият юритувчи уюшган жиноий тўда турган бўлиши мумкин. Шу сабабли, айни пайтда Австралия полицияси халқаро ҳамкор идоралар билан биргаликда ушбу иш юзасидан қўшимча суриштирувларни амалга оширмоқда.
Мазкур воқеа мамлакатда гиёҳвандликка қарши кураш қанчалик жиддий ва долзарб йўналиш эканини яна бир бор намоён этди. Хавфли моддаларнинг йирик партияси қўлга олиниши эса юрт аҳолисини турли салбий оқибатлардан ҳимоя қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!