Шри-Ланкада роҳиблар иштирокидаги йирик наркотик контрабанда фош этилди

Шри-Ланкада катта шов-шувга сабаб бўлган жиноий ҳолат фош этилди. Мамлакатда 22 нафар буддист роҳиб катта миқдордаги наркотик моддаларни олиб киришга урингани учун қўлга олинди. Бу ҳақда Daily Mirror нашри хабар берди.
Ҳодиса Bandaranaike International Airportdaда, пойтахт Коломбодан шимолда жойлашган ҳудудда содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу мусодарани аэропорт тарихидаги энг йирик ҳолатлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Тергов маълумотларига кўра, роҳиблар Таиланддан келган бўлиб, уларнинг юкларидан жами 112 килограммга яқин наркотик моддалар — “каннабис” ва “гашиш” аниқланган. Мусодара қилинган ноқонуний юкнинг умумий қиймати 1,1 миллиард Шри-Ланка рупиясидан, яъни тахминан 3,45 миллион АҚШ долларидан ошиб кетган.
Қўлга олинганлар 26 апрель куни Негомбо судига олиб борилди. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур жиноий тармоқни мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашган ибодатхоналардан бирига алоқадор бўлган уч нафар роҳиб бошқарган. Қолган 19 киши эса ижтимоий тармоқлар, хусусан Facebook орқали жалб этилган.
Таъкидланишича, ёш роҳибларнинг аксариятига бепул авиачипталар, яшаш жойи ва озиқ-овқат ваъда қилинган. Уларга аслида мактаб ўқувчилари учун ўқув материаллари ва ширинликлар ташилаётгани айтилган.
Шунингдек, Гампаҳа ҳудудида ушбу жиноий гуруҳнинг эҳтимолий ташкилотчиси ҳам қўлга олинган. Тергов давомида аниқланишича, гуруҳ аввал ҳам шунга ўхшаш операцияларни амалга оширган ва яқин вақт ичида яна бир йирик ҳаракатни режалаштирган.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳолат юзасидан кенг кўламли тергов ишлари олиб борилмоқда. Бу воқеа мамлакатда диний шахслар иштирокидаги жиноятларга қарши назоратни кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
