date

Украина биринчи бор дронлар галасини сунъий интеллект билан бошқарди

Украина биринчи бор дронлар галасини сунъий интеллект билан бошқарди

Украина дунёда илк маротаба жанг майдонида дронлар галасининг ҳаракатларини уйғунлаштириш ва мувофиқлаштиришда сунъий интеллект технологиясидан фойдаланишни бошлади. The Wall Street Journal хабарига кўра, ушбу инновация ҳарбий тўқнашувлар келажагининг энг муҳим белгиларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай технология дронлар уруши тараққиётида янги босқични англатади. Чунки у бир вақтнинг ўзида ўнлаб, ҳатто минглаб учувчисиз аппаратларни душман мудофаасига қарши йўналтириш имконини яратади. Бу нафақат алоҳида объектларга, балки бутун шаҳарларни қамраб оладиган кенг кўламли операцияларга йўл очади.

Украина армияси сафида хизмат қилаётган юқори лавозимли офицер ҳамда дастурий таъминот ишлаб чиқувчи компания вакиллари маълум қилишича, фронтда ўтган йилнинг катта қисми давомида дронлар билан оммавий ҳужумлар уюштирилган. Илгари бу ҳақда расмий маълумот берилмаган бўлса-да, таҳлилчилар бу ҳолатни замонавий урушда дрон галасидан мунтазам тарзда фойдаланишнинг биринчи намунаси сифатида баҳолашмоқда.

Swarmer номли стартап яратган дастурий таъминот эса галани янада самарали қилади. У қайси дрон биринчи бўлиб ҳужум бошлашини белгилайди ва агар бир аппаратининг батареяси қуввати тугаб қолса, қолганлари дарҳол мослашиб, вазифани ўз зиммаларига олади. Компания раҳбари Сергей Куприенко буни шундай изоҳлади:
— Сиз фақат нишонни кўрсатасиз, қолган ишларни дронлар ўзлари амалга оширади. Улар ҳамкорликда ҳаракат қилади ва вазиятга тез кўникишади.

Swarmer технологияси аввал бор Украина кучлари томонидан миналар жойлаштириш учун қўлланилган ва кейинчалик душман техникаси ҳамда Россия инфратузилмасига зарба беришда фаол ишлатилган. Оддий ҳолатларда у учта дрон билан қўлланса, баъзан саккизтагача аппаратга татбиқ этилган. Шунингдек, 25 та дрон билан ҳам синов ўтказилгани қайд этилди.

Маълумотларга кўра, АҚШ, Хитой, Франция, Россия ва Жанубий Корея каби давлатлар ҳам гала технологиясини ривожлантириш устида иш олиб боришмоқда. Бироқ таҳлилчилар Украинадаги амалиётларнинг мунтазам жанг майдонида қўлланаётгани ҳақида аввал билмаганини айтишган. Эслатиш жоизки, АҚШ бу тизим устида камида 2016 йилдан буён изланиш олиб бориб келмоқда, ўшанда учта қирувчи самолётдан юздан зиёд кичик дронларни ҳавога чиқариб синов ўтказган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина биринчи бор дронлар галасини сунъий интеллект билан бошқарди