date

Буюк Британияда болаларга энергетик ичимликлар тақиқланади

Буюк Британияда болаларга энергетик ичимликлар тақиқланади

Буюк Британия ҳукумати янги ташаббус билан чиқди. Энди 16 ёшгача бўлган болаларга литрида 150 миллиграммдан ортиқ кофеин сақлайдиган энергетик ичимликларни сотиш тақиқланиши мумкин. Ҳозирда бу масала юзасидан маслаҳатлашув жараёнлари бошлангани маълум қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, бундай ичимликлар болаларга зарарсиздек кўриниши мумкин, аммо улар уйқу режимини бузади, диққатни жамлашга салбий таъсир кўрсатади ва умумий саломатликка зарар етказади. Шакар миқдори юқори бўлган энергетик ичимликлар эса ортиқча вазн ва семириш хавфини янада кучайтиради.

Соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг ўз баёнотида:
— Энергетик ичимликлар болаларнинг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уйқусизлик, руҳий чарчоқ ва парокандалик уларнинг фаровонлигини пасайтиради. Шу сабабли биз бу маҳсулотни чеклашга қаратилган чораларни кўрмоқдамиз, — деди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар куни камида 100 минг бола камида бир маротаба энергетик ичимлик истеъмол қилади. Бу эса уларнинг нафақат ўқув жараёни, балки руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Таълим вазири Бриджит Филлипсон бу чорани “тарихдаги энг соғлом болалар авлодини шакллантириш йўлидаги қадам” сифатида баҳолади. Унинг фикрича, тақиқ орқали ўқувчиларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш, уларни ёмон одатлардан асраш ва тўғри турмуш тарзига йўналтириш мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Буюк Британияда болаларга энергетик ичимликлар тақиқланади