АҚШ президенти Доналд Трамп Пентагонга Қўшма Штатлар қуролли кучларини янада мустаҳкамлаш, зарурат туғилса Россия ва Хитойнинг харакатларини тийиб туришга тайёрлаш вазифасини топширди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Пит Ҳегсет Fox News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, олдинги маъмуриятнинг лоқайдлиги ва сусткорлиги Москва ва Пекиннинг бир-бирига яқинлашувига туртки бўлган.
«Шу боис президент Трамп мудофаа вазирлигига тайёргарликни кучайтиришни буюрди. Қуролли кучларни тарихий даражада қайта қуриш орқали ҳарбий руҳни тиклаш ва салоҳиятни ошириш мақсад қилинган», — деди Ҳегсет.
Унинг қўшимча қилишича, бу қадамлар ҳеч қандай тарзда зиддият қидириш учун эмас, балки, аксинча, можароларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.
«Ҳарбий намойишлар ёки парадлар – табиий ҳолат, лекин улар урушга айланиб кетмаслиги зарур», — дея таъкидлади вазир.
Ҳегсетнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳозирда космосда, ҳавода, денгизда ва сув остида стратегик устунликни сақлаб қолиш ниятида. Шунингдек, у «Олтин гумбаз» мудофаа тизимини тилга олиб, Хитой ҳозирча бундай имкониятга эга эмаслигини қайд этди.
«Президент Трамп Си Жинпинг билан яхши муносабатларга эга. Бу эса икки давлат ҳамкорликда ишлай олишига туртки бўлади. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз доимо тайёр ҳолда туришимиз шарт», — дея фикрини якунлади Ҳегсет.
Эслатиб ўтамиз, 3 сентябр куни Пекиндаги Тянанмэн майдонида Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган йирик ҳарбий парад ўтказилди. Унда 20 дан зиёд давлат раҳбарлари, жумладан Россия президенти Владимир Путин ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин иштирок этди.
Трамп эса ижтимоий тармоқда қисқа баёнот бериб, шундай ёзди: «АҚШга қарши фитна уюштирмоқчи бўлаётган Владимир Путин ва Ким Чен Инга самимий тилакларимни етказинг».
Путин эса Хитой сафари якунларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Трампнинг сўзлари «ҳазилдан холи эмаслигини» алоҳида қайд этди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!