Буюк Британия ҳукумати ноқонуний муҳожирларни вақтинча жойлаштириш муаммосини ечиш мақсадида кескин қадам ташлаш арафасида турибди. Мамлакат расмийлари муҳофаза этилмаган муҳожирларни, уларнинг бошпана сўровлари кўриб чиқилаётган вақтда, собиқ ҳарбий базаларга жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Британиянинг машҳур The Daily Telegraph нашри ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Янги ҳукумат томонидан қабул қилиниши кутилаётган ушбу ташаббуслар мамлакатдаги муҳожирлар сиёсатини янада шиддат билан ўзгартиришга қаратилган. Ушбу вазифа яқинда, 5 сентябрь куни ички ишлар вазирлиги раҳбарлигига тайинланган Шабана Маҳмуд зиммасига юклатилган. У бош вазир Кир Стармернинг ҳукумат таркибидаги янгиланишларидан сўнг ўз фаолиятини бошлади.
Режага кўра, собиқ ҳарбий ҳудудлардан фойдаланиш орқали меҳмонхоналарда яшаб келаётган муҳожирларни бошқа манзилга кўчириш кўзда тутилган. Айни пайтда меҳмонхоналарда муҳожирларни сақлаш харажатлари мамлакат бюджетида катта сарфларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли орасида кўпайиб бораётган норозилик кайфиятини келтириб чиқармоқда.
Маълумотларга кўра, ҳукумат Лондонга яқин жойлашган Эссекс ва Кент графликларида жойлашган икки собиқ ҳарбий базани муҳожирлар учун мослаштириш ниятида. Бу базалар аввалги консерватив ҳукумат даврида муҳожирларни қабул қилиш маркази сифатида кўриб чиқилган, бироқ ўша пайтда ҳуқуқ фаоллари томонидан қаттиқ танқидга учраган. Улар бундай объектларни инсон қадрини камситувчи ва қамоқхонага ўхшўвчи масканлар деб баҳолаган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!