date

Виктор Цой асари кимошди савдоларига қўйилди

Виктор Цой асари кимошди савдоларига қўйилди

Машҳур мусиқачи ва рассом Виктор Цойнинг яна бир ижодий иши савдога чиқарилди. “Россия санъати. XVIII–XXI асрлар. Рассомлик, графика, ҳайкалтарошлик” номли аукционда санъаткорнинг картонга ишланган расми лот сифатида тақдим этилди.

“First Names” ким ошди савдоси маълумотларига кўра, расмнинг бошланғич нархи 1,5 миллион рубл қилиб белгиланган. Шу билан бирга, сотувдан тушадиган якуний сумма 2,5 миллиондан 6 миллион рублгача етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Асарда оғзидан сариқ ракета учиб чиққан қизил квадрат одам тасвирланган. Ушбу чизма 1980 йилларда аралаш техника ёрдамида яратилган бўлиб, унга алоҳида ном берилмаган. Дастлаб у фотосуратчи Сергей Борисов тўпламида сақланган.

Аукцион уйи сайтида қайд этилишича: “Виктор Цойнинг серқирра истеъдоди вақт синовидан ўтиб, ўз долзарблигини йўқотмаган. Унинг 'Ўзгаришлар' қўшиғи бутун бир давр мадҳиясига айланган. У санъатда ҳам эркин ва дадил ижод қилди, ўз асарлари орқали давр руҳини теран ҳис этиб, келажакни тасаввур қилишдан чўчимади”.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда санъаткорнинг яна бир чизмаси Vladey аукционида сотувга қўйилиб, 8 миллион рублга харид қилинган эди. Бу лот ўша пайтда кутилганидан беш баравар юқори нархга чиқиб, рекорд ўрнатганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Виктор Цой асари кимошди савдоларига қўйилди