Россия Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, мамлакатда ноқонуний мигрантлар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши чоралар кучайтирилмоқда. Шунингдек, мигрантларни ишга жойлаштираётган иш берувчилар устидан ҳам назорат янада қатъийлаштирилгани айтилди.
Таъкидланишича, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўтказилган режадан ташқари текширувлар сони сезиларли ошган. Хусусан, текширувлар 14,6 фоизга кўпайиб, 6 минг 367 та ҳолат қайд этилган. Натижада, 19 минг 839 та ҳуқуқбузарлик очиб берилди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 587,8 минг миграция билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 17 фоизга кўп. Улар орасида ноқонуний яшаш ҳолатлари 28 фоизга, меҳнат бозори орқали бандликка оид қоидабузарликлар эса 52 фоизга ошган.
Шу билан бирга, прописка ва вақтинча прописка бериш кўрсаткичлари кескин пасайган. Масалан, ярим йиллик давомида берилган рухсатномалар 16,6 мингтага камайиб, 31 фоизга тушган. Яшаш учун берилган рухсатномалар эса 80,1 мингтага камайиб, 32 фоизлик пасайиш қайд этилди.
Маълумотда қайд этилишича, бу йил 791 нафар шахсга нисбатан Россия фуқаролигини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқарилган. Шунингдек, чет элликлар учун ишга жойлаштириш бўйича билдиришномалар сони ҳам ошгани қайд этилди.
Шу тариқа, Россия ҳукуматининг миграция масалаларидаги сиёсати тобора қатъий тус олмоқда. Бу эса мамлакатда ички хавфсизлик ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани таъкидланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!