10 сентябрга ўтар кечаси Россия томонидан Украинага амалга оширилган оммавий дрон ҳужумлари натижасида Польша ҳукумати “Режадан ташқари ҳарбий ҳаракатлар” сабабли бир қатор муҳим аэропортларни вақтинча ёпишга мажбур бўлди.
Аниқроқ қилиб айтганда, “Жешув-Ясенка”, “Люблин” халқаро аэропортлари ҳамда Варшавадаги иккала аэропорт мажбурий равишда ҳаракат учун ёпилди. Бу ҳақда авиация ходимларининг (NOTAM) тезкор ва расмий хабарида маълум қилинган.
Польша авиация департаментининг изоҳ беришича, бу чоралар “миллий хавфсизликни таъминлаш ва режадан ташқари ҳарбий ҳаракатлардан келиб чиқадиган эҳтимолий хатарларни бартараф этиш” мақсадида амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Польша қуролли кучлари тезкор қўмондонлиги Х ижтимоий тармоғида ҳаво ҳудудини мустаҳкам ҳимоя қилиш учун барча зарур тартиб ва қоидалар фаоллаштирилганини маълум қилди. Маълумотларга кўра, хавога нафақат польшалик қирувчи самолётлар, балки НАТОнинг бошқа аъзо мамлакатларига тегишли ҳарбий самолётлар ҳам кўтарилган.
Бундан ташқари, қуруқликдаги мудофаа кучлари ҳам юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилди. Бу чоралар Польша ҳукумати томонидан мамлакат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Қайд этиш керакки, “Жешув-Ясенка” аэропорти Украинага Ғарб ёрдамини етказишда асосий логистика маркази сифатида хизмат қилади, шу боис уни вақтинча ёпиш халқаро ҳамкорликда ҳам эътиборга олинмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!