Россия ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатда яшовчи бир аёл давлатга хиёнат қилишда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Тергов органлари маълумот берганидек, у Украина армияси сафида жанг қилиш ниятида бўлган ва бу мақсадда қўшни Қозоғистон ҳудудига йўл олган.
Маълум қилинишича, гумонланувчи аёл интернет орқали украиналик ҳарбий хизматчи билан танишган. Суҳбатлар жараёнида у Украина армиясига қўшилишга розилик билдирган. Кейинчалик, айбловга кўра, Қозоғистонга йўл олиб, у ерда ҳарбий тайёргарлик машғулотларидан ўтган.
Тергов маълумотларига кўра, ҳарбий тайёргарликдан сўнг у Россияга қайтган ва Украина чегарасига йўл олган. Бироқ Россия разведка хизмати ходимлари уни Украина армияси позицияларидан тахминан 100 метр узоқликда қўлга олишган.
Гумонланувчига нисбатан икки модда бўйича жиноят иши қўзғатилди: “Давлатга хиёнат қилишга уриниш” ҳамда “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уриниш”. Терговчиларнинг айтишича, мазкур айбловлар Россия қонунчилигида оғир жиноятлар қаторига киради ва узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади.
Шунингдек, Россия тергов органлари иш юзасидан Қозоғистон расмийларидан ҳуқуқий ёрдам сўраган. Бу эса қўшни давлат билан ҳамкорликда гумонланувчининг ҳаракатлари ва ҳаракатланиш йўналишини аниқлаш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!