Эфиопия тарихий аҳамиятга эга йирик энергетика лойиҳасини амалга оширди — мамлакат ҳудудида Африка қитъасидаги энг катта гидроэлектростанция ишга туширилди.
Маълумотларга кўра, сешанба куни Губа шаҳрида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Эфиопия Бош вазири Абий Аҳмад, шунингдек, Сомали, Жибути ва Кения президентлари шахсан иштирок этдилар.
Мазкур тўғон қурилиши 2011 йилда Эфиопиянинг ғарбий қисмида, Судан билан чегарадан тахминан 30 километр узоқликда бошланган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,6 миллиард долларни ташкил этади. Бу GES 5250 мегаватт қувватга эга бўлиб, тўғон каскади билан жиҳозланган. Асосий тўғоннинг баландлиги 145 метр, узунлиги эса қарийб 1,8 километрни ташкил этади.
GESнинг ишга туширилиши билан Эфиопия электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини камида икки баробарга оширишни кўзламоқда. Мамлакат раҳбариятининг асосий мақсади — аҳолини тўлиқ электр таъминоти билан таъминлаш ҳамда ортиқча қувватни қўшни давлатларга экспорт қилиш.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Абий Аҳмад GES қурилиши қўшниларга зарар етказиш учун эмас, балки бутун минтақани барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида амалга оширилганини таъкидлади.
Шу билан бирга, лойиҳа атрофидаги баҳслар бир неча йилдан бери давом этмоқда. Хусусан, Эфиопия 2012 йилдан буён Миср ва Судан билан GESдан фойдаланиш тартиб-қоидалари бўйича музокаралар олиб бориб келмоқда. Қўшни давлатлар улкан сув омборини бир томонлама бошқариш имконияти уларнинг миллий хавфсизлиги ва сув ресурслари тақсимотига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!