АҚШ Махфий хизмати вакиллари Оқ уй периметрида қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилганини расман тасдиқлашди. Уларга кўра, бу қарор консерватив сиёсий фаол Чарли Киркка қаратилган суиқасд оқибатида қабул қилинган. РИА «Новости» тарқатган маълумотга кўра, чоралар президент ва давлат муассасалари атрофида хавфсизликни янада кучайтириш мақсадида амалга оширилган.
Шу билан бирга, Махфий хизматнинг бошқа манбалари чекловлар вақтинчалик эканини қайд этишди. Уларга кўра, хавфсизликка оид махсус тўсиқлар ва чекловлар шу ҳафта якунига қадар олиб ташланиши мумкин.
The Wall Street Journal хабар беришича, АҚШ Махфий хизмати президент Доналд Трампнинг шахсий хавфсизлигини таъминлашда чораларни кучайтирмоқда. Washington Post эса Оқ уй атрофида ҳимоя қурилмалари ўрнатилганини ёзди.
Эслатиб ўтамиз, Чарли Кирк 10 сентябр куни Юта университети кампуси ҳовлисида нутқ сўзлаётган пайтда отиб ўлдирилган. Ўқ унинг бўйнига тегиб, фаол шифохонада ҳаётдан кўз юмди.
Фожеадан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакат бўйлаб байроқларни пасайтириш ҳақида фармон берди. Вице-президент Ж.Д. Вэнс эса марҳум фаолнинг яқинлари билан суҳбатлашиш мақсадида режалаштирилган Нью-Йорк сафарига боришни бекор қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!