Япониянинг Шизуока префектурасида мамлакат тарихида ҳали кузатилмаган даражада кучли торнадо қайд этилди, деб ёзади The Guardian. Мутасаддиларнинг маълумот беришича, табиий офат шкала бўйича 3-даражали интенсивликка эга бўлиб, шамол тезлиги соатига 270 километрга етган.
Натижада 89 киши турли жароҳатлар олган, минглаб аҳоли уй-жойсиз қолган. Айниқса, Макиноҳара ва Ёшида туманлари энг кўп зарар кўрган ҳудудлар сифатида қайд этилди. Кучли шамол транспорт воситаларини ағдариб юборган, 1,200 дан зиёд бино ва турли иншоотларга катта зарар етказган.
Япония тарихида 1961 йилдан бери 13 марта торнадо рўй берган, аммо бу галгидек кучли ҳалокат ҳали қайд этилмаганди. Мутахассислар торнадо сабабини тропик бўрон Пеипаҳ билан боғлашмоқда. У мамлакатнинг турли ҳудудларига кучли ёмғир ва довул олиб келди.
Ҳодиса давомида 24 киши жароҳатланган, 40 дан зиёд уй вайрон бўлган, шунингдек, 14 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолган. Ҳокимият органлари офатдан олдин эҳтиёт чораси сифатида 600 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилиш ҳақида буйруқ берган.
Сув тошқини ва кўчки хавфини инобатга олган ҳолда фуқароларга хавфсизлик чораларига риоя қилиш тавсия қилинган. Шу пайтда Нара префектурасидаги Шимокитаяма қишлоғида бир соат ичида 80 миллиметр ёмғир ёққан, Кумано шаҳрида эса 63 миллиметр ёғингарчилик қайд этилган.
Олимлар ва экспертлар бу табиий офатни Япониянинг сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли ва энг катта ҳалокат келтирган торнадоси сифатида баҳоламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!