date

Толибон Ўзбекистон ва Тожикистондан ҳарбий вертолётларни қайтаришни талаб қилди

Толибон Ўзбекистон ва Тожикистондан ҳарбий вертолётларни қайтаришни талаб қилди

Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматида фаолият олиб бораётган ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий қўшни мамлакатлар — Ўзбекистон ва Тожикистонга мурожаат билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йил август ойида толиблар ҳокимиятни қўлга киритган пайтда, афғон ҳарбий учувчилари бир нечта вертолётларни мамлакатдан олиб чиқиб кетган ва қўшни давлатларга олиб борган. Муттақий Кобулда дипломатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ушбу техника афғон халқига қайтарилиши зарурлигини таъкидлади.

«Биз бир неча йил аввал сиёсий ўзгаришлар оқибатида чиқариб кетилган ва қўшни давлатларга олиб борилган вертолётларни қайтаришларини сўраймиз. Улар халқ манфаатлари йўлида, фақат гуманитар мақсадларда ишлатилади», — деди вазир.

Аввалроқ, 8 сентябр куни Afghanistan International нашри ўз манбаларига асосланиб, Ўзбекистон яқин кунларда 2021 йилда олиб чиқилган 57 та ҳарбий вертолётни Афғонистонга қайтариши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди. 11 сентябрда эса The Kabul Times газетаси толибон ҳукумати вакили Забиҳулло Мужоҳиднинг «Ўзбекистон авиатехникаларни қайтаришга рози бўлди», деган сўзларини келтирди.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этди. Матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг таъкидлашича, «тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, Ўзбекистоннинг мавқеи ўзгаришсиз қолмоқда ва бундай маълумотлар фейк».

Эслатиб ўтамиз, расмий рақамларга кўра, 2021 йилда Афғонистонда ҳокимият ўзгарганида, олдинги режим ҳарбийлари Ўзбекистонга 46 та ҳаво техникаси — 22 самолёт ва 24 вертолёт билан қочиб ўтган.

Шундан бери Афғонистоннинг муваққат ҳукумати бир неча бор ушбу техникани қайтариш талабини илгари сурган. Бироқ Тошкент ҳукумати бу авиатехникалар АҚШ мулки экани ва уларни қайтариш имкони йўқлигини қатъий айтиб келмоқда.

2024 йил августида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ушбу масала бўйича келишувга эришилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, самолёт ва вертолётлар Ўзбекистон ҳудудида қолади, чунки «улар ҳеч қачон афғонларга тегишли бўлмаган».

2025 йил февралида эълон қилинган маълумотларга қараганда, Black Hawk туркумидаги 7 та вертолёт аллақачон АҚШга қайтарилган, яна ўнлаб техникалар эса Ўзбекистонда сақланмоқда.

Бу воқеа атрофидаги баҳслар ҳануз тинмаётгани, Афғонистон ҳукумати эса қўшни давлатлардан ушбу масалада аниқ жавоб кутаётгани маълум.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толибон Ўзбекистон ва Тожикистондан ҳарбий вертолётларни қайтаришни талаб қилди