Австрия ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райсингернинг таъкидлашича, мамлакат NATOга аъзо бўлишни мақсад қилмаяпти ва ўзининг бетарафлик мақомини сақлашни ўзи учун манфаатли деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Bloomberg агентлигига берган интервьюсида билдирган.
Унинг айтишича, Австриянинг NATOга аъзо эмаслиги мамлакатга маълум афзалликларни бермоқда. У шунингдек, ҳар қандай геосиёсий шароитда ҳам мулоқотни биринчи ўринга қўйиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. “Биз NATOга аъзо эмасмиз ва мен ҳам қўшилиш тарафдори эмасман. Бунинг ўз афзалликлари бор”, – деди вазир.
Майнл-Райсингер шу билан бирга Австрия хавфсизлик сиёсати янги геосиёсий воқеликларга мос равишда қайта кўриб чиқилиши лозимлигини қайд этди. Унинг фикрича, бетарафлик тушунчаси Россиянинг манфаатлари йўлида қурол сифатида ишлатилишига йўл қўймаслик керак.
1 сентябрь куни Австрия канцлери Кристиан Стокер ҳам мамлакатнинг NATOга аъзо бўлиши кун тартибида йўқлигини, Австриянинг бетараф мақоми эса ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмаётганини таъкидлаганди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!