Индонезия ҳудудида яна бир маротаба табиий офат кузатилди. Европа–Ўртаер денгизи сейсмологик маркази (EMSC) тарқатган маълумотга кўра, мамлакатда 6,1 магнитудали кучли зилзила рўй берди.
Марказ хабарига кўра, ер қимирлашининг эпицентри Набире шаҳридан тахминан 28 километр жануби–шарқда жойлашган. Мазкур шаҳарда тахминан 43 минг 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сейсмологларнинг қайд этишича, зилзила ўчоғи ер юзасидан 10 километр чуқурликда жойлашган.
Ҳозирча зилзила оқибатида зарар кўрганлар ёки қурбонлар ҳақида расмий ахборот берилмаган. Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли кучли силкинишни сезгани ва айримлар уйларини ташлаб, хавфсизроқ жойларга чиқиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Индонезия сейсмик фаол ҳудуд сифатида доимий равишда турли даражадаги ер қимирлашларига дуч келади. Шу боис, мутахассислар аҳолини эҳтиёткорлик чораларига амал қилишга ва ҳушёрликни қўлдан бой бермасликка чақирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!