Афғонистонда яна бир шов-шувли қарор қабул қилинди. “Толибон” муваққат ҳукумати университетларда аёллар томонидан ёзилган китобларни ўқув дастурларидан чиқариш ҳақида буйруқ берди.
Расмий маълумотларга кўра, тақиқланган китоблар сони 680 та бўлиб, улардан 140 таси айнан аёл муаллифлар қаламига мансуб асарлардир. Шундай қилиб, мамлакат олий таълим тизимидан аёллар илмий ва адабий меросининг катта қисми йўқотилди.
Бундан ташқари, “Толибон” 18 та фанни ҳам университетларда ўқитишни тақиқлагани айтилмоқда. Уларнинг сирасига “Гендер ва тараққиёт”, “Аёллар социологияси”, “Мулоқотда аёлларнинг роли” каби йўналишлар киради. Расмийлар бу фанларни “шариат тамойиллари ва ҳаракат сиёсатларига зид” деб баҳолаган.
Ҳуқуқ фаоллари эса бу қарорни кескин қоралаб, унинг аёллар ва қизлар учун таълим олиш имкониятларини янада чеклашини таъкидламоқда. Улар фикрича, бу наfaqat таълим соҳасига, балки мамлакатдаги илмий фаолият ва фикр эркинлигига ҳам қаттиқ зарба бўлиши мумкин.
Мутахассислар огоҳлантиришича, тақиқланган китоблар орасида кўп йиллардан бери ўқув дастурларида асосий манба бўлиб келган муҳим дарсликлар ҳам бор. Демак, университетларда таълим сифатини сақлаб қолишда катта муаммолар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.
Халқаро ҳамжамият эса бу қарорни Афғонистонда аёлларга нисбатан камситиш сиёсатининг навбатдаги босқичи сифатида баҳоламоқда. Улар “Толибон”нинг бу амалиёти мамлакатда гендер тенглиги ва инсон ҳуқуқларига бутунлай зид эканини урғулаб келишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!