
18 сентябрь, пайшанба куни Ғазо секторига гуманитар ёрдам юклаган юк машинаси ҳайдовчиси билан боғлиқ қонли воқеа рўй берди. Исроилнинг Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, Иордания фуқароси ҳайдовчи “Алленби” ўтказиш пунктида икки исроилликни отиб ўлдирган.
Исроил ҳарбийлари маълум қилишича, ҳужумчи қуролланган ҳолда постдан ўтишга уринган ва хавфсизлик кучлари томонидан тезда “зарарсизлантирилган”. Исроилнинг "Маген Давид Адом" тез ёрдам хизмати хабарига кўра, ҳужумчи қўлида пистолет ва пичоқ билан қуролланган.
Маълумотларга қараганда, қурбонлардан бири тахминан 20 ёшлар атрофида, иккинчиси эса 60 ёшдан ошган эркак бўлган. Уларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, аммо оғир жароҳатлари сабабли ҳаётдан кўз юмишган.
Иордания Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисага муносабат билдириб, уни “жиноят” сифатида баҳолади ва бу воқеа Ғазо секторига етказилаётган гуманитар ёрдам жараёнларини хавф остига қўйиши мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, вазирлик халқаро ҳамжамиятни ушбу воқеани кескин қоралашга чақирди. Иорданиялик расмийлар бундай ҳужумлар нафақат инсонларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлишини, балки инсонпарварлик юкларини етказишда ҳам жиддий тўсиқлар яратишини қайд этди.
Исроил томони эса ҳодисадан кейин хавфсизлик чораларини янада кучайтириб, “Алленби” пунктида текширувлар кескинлаштирилганини билдирди. Ҳарбийлар бу каби ҳодисалар тезкорлик билан бостирилиши ва чегара хавфсизлиги таъминланишини таъкидлашди.
Айни пайтда, Фаластин-Исроил минтақасидаги зиддиятлар тобора кескинлашиб бораётгани сир эмас. Бир томондан, Ғазо секторидаги аҳоли учун инсонпарварлик юклари ўта зарур бўлиб турган бир вақтда, иккинчи томондан, хавфсизлик билан боғлиқ масалалар юк ташиш жараёнларини мураккаблаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Алленби” ўтказиш пункти — Ғазо сектори ва Иордания ўртасидаги асосий гуманитар йўлаклардан бири ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!