Дубай яна бир бор жаҳон диққат марказига чиқди. Бу гал шаҳар ўзининг замонавий архитектураси билан эмас, балки дунёдаги энг баланд меҳмонхонаси билан мақтанмоқда. Ноябрь ойидан бошлаб Dubai Marina ҳудудида ишга тушиши кутилган Ciel Dubai Marina меҳмонхонаси нафақат Амирлик, балки бутун дунё туризм соҳасидаги янги символга айланиши тайин. Бу ҳақда “Dubai Media Office” тарқатган маълумотларда айтилади.
Баландлик бўйича янги рекорд
377 метр баландликка эга мазкур иншоот Дубайнинг нуфузли Dubai Marina ҳудудида жойлашган. Шу тариқа у ҳозирги рекордчи — 356 метрли Gevora меҳмонхонасидан юқорига кўтарилиб, янги етакчига айланади. Меҳмонхона замонавий шаҳар манзарасини тубдан ўзгартириши кутилмоқда.
Лойиҳани нуфузли NORR Group студияси тайёрлаган бўлиб, қурилиш ишлари The First Group томонидан амалга оширилган. Шунингдек, йирик пудратчи — China Railway 18th Bureau Group ҳам иштирок этган. Бошқарув эса The First Group Hospitality қўлида бўлади ва у InterContinental Hotels Group (IHG)’нинг Vignette Collection бренди остида фаолият юритади.
Меҳмонхонанинг ноёб жиҳатлари
Ciel Dubai Marina нафақат баландлиги, балки замонавий қулайликлари билан ҳам ажралиб туради:
-
82 қаватли улкан бино ва 1004 та хоналар ҳамда апартаментлар;
-
Форс кўрфазига панорамали манзара;
-
12 қаватли атриум-боғ;
-
353 метр баландликда жойлашган ресторан;
-
306 метрда қурилган ва дунёдаги энг баланд бассейн сифатида тан олиниши кутилган ҳовуз;
-
саккизта ресторан ва бар;
-
Dubai Marina соҳилига, сув таксиларига, Dubai Marina Mall савдо марказига ҳамда трамвай ва метро бекатларига бевосита чиқиш.
Янги рекордларга даъвогар
“Дунёнинг энг баланд меҳмонхонаси” унвонидан ташқари, Ciel Dubai Marina яна икки жаҳон рекордини қўлга киритиш имконига эга: энг баланд бассейн ва энг баланд клуб. Бу унвонлар расман меҳмонхона очилгандан сўнг эълон қилиниши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!