Европа Иттифоқи Брюссел орқали Венгрия билан мураккаб музокараларни олиб боришда янги йўлни танламоқда. Financial Times нашрининг 19 сентябр куни тарқатган хабарларига кўра, Европа комиссияси Венгрияга 550 миллион евро миқдоридаги маблағни тақдим этишга тайёрланмоқда. Бу қадам Венгрия бош вазири Виктор Орбан қўйган вето қарорини бекор қилишга қаратилган.
Маълумки, Орбан ҳукумати Россиядан энергия маҳсулотлари импортига қарши қўшимча санкциялар киритилишига қаршилик қилиб келаётган эди. Европа Иттифоқи қонунларига кўра, янги санкцияларни қабул қилиш учун барча аъзо давлатларнинг якдил овози зарур. Шу боис Венгрия ва Словакиянинг позицияси айни пайтда Брюссел учун жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
FT маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи айни пайтда Россия нефтини охирги импорт қилувчи давлатлардан бири бўлган Венгрияни рози қилиш учун турли усулларни ишга солмоқда. Шу жумладан, уларга ажратилган маблағларни қайтариш масаласи ҳам музокараларда асосий восита сифатида қўлланилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Европа комиссияси Венгрия учун умумевропа дастурлари доирасида ажратилган тахминан 22 миллиард евро маблағни музлатиб қўйган эди. Бунинг сабаблари сифатида суд мустақиллиги, қочқинлар ҳуқуқлари ҳамда академик эркинликка оид жиддий хавотирлар тилга олинган. Брюссел ушбу қарор орқали Будапешт сиёсатини ўзгартиришга босим ўтказишни мақсад қилган.
Янги музокаралар жараёнида эса Европа Иттифоқи Венгрияни Россияга қарши санкциялар масаласида ён босишга ундаш учун маблағларни қайтаришни таклиф қилмоқда. Мутасаддиларнинг айтишича, бу келишув Европа Иттифоқининг ягона позициясини таъминлаш ва Москвага қарши сиёсий чораларни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!