Яқинда эълон қилинган маълумотларга кўра, дунёнинг аҳолиси энг кўп бўлган 20 мамлакатида эркак ва аёллар сонининг тақсимоти турлича. Қизиғи шундаки, уларнинг 9 тасида эркаклар сони устун бўлса, яна 9 тасида аёллар кўпроқ. Қолган икки давлатда эса мутаносиблик сақланган.
Ҳиндистонда эркаклар сони кескин устунликка эга. У ерда аҳолининг 55,8 фоизи эркаклардан иборат. Бу кўрсаткич билан мамлакат рейтингда биринчи ўринни эгаллайди. Кейинги поғонада эса Миср жойлашган — унда эркаклар улуши 55,3 фоизни ташкил этади.
Шу билан бирга, айрим давлатларда аёллар сони сезиларли даражада кўпроқ. Россия мисолида бу тафовут яққол кўзга ташланади: бу ерда аёллар умумий аҳолининг 63 фоизини ташкил қилиб, эркаклардан 13 фоизга кўп. Японияда ҳам вазият шунга ўхшаш — мамлакат аҳолисининг 55,5 фоизи аёллардир.
Қизиғи, Индонезия ва Конго каби икки катта давлатда мутаносиблик сақланган. У ерда аҳоли тенг тақсимланган бўлиб, эркак ва аёллар улуши бир хил — 50 фоиздан.
Мазкур таҳлил дунё аҳолисининг гендер таркиби турли қитъаларда қандай фарқ қилиши мумкинлигини кўрсатади. Бу эса демография, меҳнат бозори, оилавий ҳаёт ва ижтимоий сиёсатга ҳам таъсир кўрсатиши табиий.
Ўзбекистонга тўхталадиган бўлсак, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатда доимий аҳоли сони 37,7 миллион кишини ташкил этди. Шу жумладан:
-
Аёллар сони — 18 млн 714,9 минг киши,
-
Эркаклар сони — 18 млн 982,9 минг киши.
Шундан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда эркак ва аёллар сони деярли мутаносиб бўлиб, жамиятда табиий мувозанат сақланиб турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!