Қозоғистон ҳудудида тарихий аҳамиятга эга ноёб воқеа қайд этилди. Олмаота вилоятининг Оқши қишлоғи яқинида жойлашган кенг дашт майдонида дунёдаги энг катта ва энг узун туя карвони намойиш қилинди. Бу сафар "Ойсилқора" зотли 1000 та туядан иборат ҳайратланарли карвон махсус тайёрланган бир километрлик йўналиш бўйлаб қатор тортилди.
Мазкур тадбир нафақат Қозоғистон аҳолиси учун, балки бутун жаҳон учун муҳим воқеага айланди. Чунки бундан олдинги энг йирик туя карвони 2022 йилда Хитойда қайд этилган бўлиб, у ерда атиги 365 та туя иштирок этган эди. Қозоғистонликлар эса ушбу кўрсаткични уч баробардан ҳам ортиққа оширишга муваффақ бўлишди.
Маросим жараёнида Англиядан махсус равишда келган Гиннес рекордлар китоби вакили Ричард Стеннинг ҳам иштирок этди. У ҳар бир туянинг ҳаракатини диққат билан кузатиб, жараённи батафсил назорат қилди. Воқеа якунлангач, у катта таассурот билан шундай фикр билдирди:
"Мен бундай ҳайратомуз туя карвонига умримда биринчи марта гувоҳ бўлдим. Қозоғистоннинг бу ютуғини фақат миллий маданий мерос деб эмас, балки бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида баҳолаш керак", — деди у.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!