Озарбайжон пойтахти Бокуда йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мамлакат метрополитени тарихида биринчи марта икки қаватли метро станцияси қурилаяпти.
«Боку метрополитени» матбуот хизмати вакили Мамед Ризаев маълум қилишича, B-4 деб номланган янги станция келгуси йил охирига қадар фойдаланишга топширилади. Унинг асосий жиҳати — икки қаватли тарзда қурилаётгани ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар қурилишнинг 80 фоиздан зиёди якунланган. Бу, ўз навбатида, станция ишга туширилиши белгиланган муддатга етиб боришига ишонч уйғотмоқда.
B-4 станцияси бинафша йўналишининг бешинчи бекати бўлиб, метрополитен тизимидаги 28-станция сифатида рўйхатдан ўтади. У Ҳайдар Алиев номидаги спорт мажмуаси ва Клиник тиббиёт маркази оралиғида жойлашгани боис йўловчилар учун қўшимча қулайлик яратиши кутилмоқда.
Маҳаллий мутахассислар таъкидлашича, янги станция фақатгина пойтахт йўловчи оқимини енгиллаштириб қолмай, балки Боку метрополитенида архитектуравий ва техник жиҳатдан янги босқични бошлаб беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!