date

Германияда 25 йил ичида картошкадан энг рекорд ҳосил кутилмоқда

Германияда 25 йил ичида картошкадан энг рекорд ҳосил кутилмоқда

Германия қишлоқ хўжалигида тарихий натижа қайд этилиши мумкин. Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Agrarheute нашри маълумотларига кўра, 2025 йилда картошкадан сўнгги чорак асрда кузатилмаган даражада мўл ҳосил йиғиб олиниши кутилмоқда.

Расмий ҳисоботларга кўра, бу йил немис деҳқонлари ўтган йилга нисбатан 5,3 фоиз кўпроқ картошка йиғишади. Бу жами ҳисобда 13,4 миллион тоннадан зиёд ҳосилга тенг келади.

Картошка ҳосилдорлиги одатий йиллик кўрсаткичлардан 17 фоиз юқори бўлиб, деҳқончилик майдонлари ҳам 6,7 фоизга кенгайган. Экин майдони умумий ҳисобда 301 минг гектарга етгани қайд этилди. Бир гектар ердан ўртача 44 тоннадан картошка олиш кутилмоқда, бу эса охирги йилларда кузатилмаган кўрсаткичдир.

Нарҳ масаласи эса фермерлар учун кутилганидек фойдали бўлмади. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 центнер (100 кг) картошка деҳқонга ўртача 14,9 евро даромад келтирмоқда. Бироқ бозорда нархлар кескин ўзгариб, 10 евродан 24 еврогача фарқ қилмоқда. Охирги марта картошка нархи бунчалик пасайиши 2021 йил кузида қайд этилганди.

Ҳосилнинг сероблиги энг аввало немис истеъмолчилари учун қулайлик яратди. Маълумотларга кўра, июль ойида картошка нархи ўтган йилга нисбатан 18,9 фоизга арзонлашган. Бу эса аҳолининг кундалик сарф-харажатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, фермерлар ҳосил кўплиги ва арзонлиги сабаб картошканинг маълум қисмини чорвачилик эҳтиёжлари учун йўналтиришга ёки биогаз ишлаб чиқариш корхоналарига топширишга мажбур бўлмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, нархларнинг яқин вақт ичида кўтарилиши кутилмаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда 25 йил ичида картошкадан энг рекорд ҳосил кутилмоқда