Европа Иттифоқи Украинага дрон ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун икки миллиард евро ажратади. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Украина Европа учун биринчи мудофаа чизиғи ҳисобланади ва шу боис ҳарбий ёрдам кучайтирилиши шарт. “Шунинг учун биз дронлар учун жами икки миллиард евро ажратишга келишиб олдик”, – деди у.
Ажратилган маблағлар Киевнинг мудофаа салоҳиятини ошириш билан бирга, Европа Иттифоқига ҳам замонавий дрон технологияларидан фойдаланиш имконини беради.
Сўнгги пайтларда ЕИ мамлакатлари Россия дронлари хавфидан жиддий ташвишга тушмоқда. Польша ҳаво ҳудудига кириб келган йигирмадан ортиқ дронлар катта баҳсларга сабаб бўлди. Экспертлар уларни қирувчи самолётлар ёрдамида йўқ қилиш жуда қиммат эканини ва бу келгусида заифликка айланиши мумкинлигини таъкидлашди.
Шу боис Еврокомиссия “дронлар девори” лойиҳасини таклиф этди. Унга кўра, ЕИ мамлакатлари арзонроқ ҳимоя тизимларини биргаликда харид қилиши режалаштирилган. Дастлаб бу ташаббус фақат шарқий чегараларда амалга оширилиши айтилган бўлса-да, кейинроқ номаълум дронлар Данияда ҳам кўпая бошлаганидан сўнг, уни бутун ЕИ ҳудуди бўйлаб кенгайтириш таклифи билдирилди.
Европа Иттифоқи шу билан бирга Украина билан “дронлар иттифоқи” тузиш ниятида. Чунки уруш бошлангандан бери Украинада дрон ишлаб чиқариш кескин ошди. Агар 2022 йилда фақат минглаб дронлар тайёрланган бўлса, 2025 йилга келиб ойига юз минглаб қурилмалар ишлаб чиқариляпти.
Шунингдек, Украинада махсус қўшин тури – учувчисиз тизимлар кучлари ҳам ташкил этилган. Сентябрь ойи охирида эса бош қўмондон Олександр Сирский қуролли кучларда дронларга қарши алоҳида мудофаа тизимлари йўлга қўйилишини эълон қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!