Америкалик машҳур тадбиркор Илон Маск молия дунёсида яна бир рекордчига айланди. Forbes журнали хабарига кўра, унинг бойлиги илк бор 500 миллиард доллардан ошди.
Маълумотларга қараганда, Шарқий вақт билан 15:30 да Tesla ва SpaceX раҳбари, Neuralink асосчиси ҳамда X ижтимоий тармоғи эгаси бўлган Маскнинг умумий бойлиги 500 миллиард долларлик чегарани ортда қолдирди. 2 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 06:15 да эса бу кўрсаткич 500,5 миллиард долларга етди.
Forbes таҳлилида қайд этилишича, Маскнинг шундай юқори натижага эришиши унинг давлат лавозимини тарк этиб, бутун диққатини бизнес лойиҳаларига қаратгани билан боғлиқ.
Ҳозирда Маск Forbes миллиардерлари рўйхатида биринчи ўринда турибди. Ундан кейин Oracle корпорацияси раҳбари Ларри Эллисон (351,6 миллиард доллар), Meta асосчиси Марк Цукерберг (246,1 миллиард доллар), Amazon асосчиси Жефф Безос (233,2 миллиард доллар) ва Google асосчиси Ларри Пейж (204,6 миллиард доллар) жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалги рекорд ҳам Маскка тегишли эди — ўтган йил декабр ойида у 400 миллиард доллардан ортиқ бойликка эга бўлган биринчи шахс сифатида тарихга кирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!