date

Трамп Нетаняҳуга беадаб гапириб, режани «ғалаба» деб атади

Трамп Нетаняҳуга беадаб гапириб, режани «ғалаба» деб атади

АҚШ нашри Axios манбасига таяниб хабар беришича, Президент Доналд Трамп Ғазо бўйича ўз тинчлик ташаббуси атрофидаги жараён «муваффақиятли кетаяпти» деган ишончни сингдириш мақсадида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга қўнғироқ вақтида беадаб иборалар ишлатган.

3 октябр куни ҲАМАС вакиллари Трамп режасига нисбатан ижобий муносабат билдиргани айтилганидан сўнг, Оқ уй раҳбари буни «яхши янгилик» сифатида баҳолаб, «Биби»га (Нетаняҳу) дарҳол телефон қилгани иддао қилинмоқда. Аммо Исроил бош вазири ушбу жавобни «байрам қилишга сабаб эмас» дея таърифлаган, деб ёзади Axios.

Манба қайд этишича, айнан шу жавоб Трампни жаҳли чиқишига олиб келган: «Билмадим, нима учун сен доим шундай ярамас негативчисан. Бу — ғалаба, уни қабул қил», дея АҚШ президенти кескин тонда мулоҳаза билдиргани айтилади.

Сиёсий шарҳловчиларнинг фикрича, бу тортишув Трампнинг шахсан ўз режасига қай даражада жиддий ёндашаётгани ва ундан катта умид кутаётганини кўрсатади. Шу тариқа Вашингтон — Тел-Авив ўртасидаги қатор мураккаб масалалар сафида Ғазо бўйича музокараларнинг ҳам юклама ва босими ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Доналд Трампнинг Ғазо ҳақидаги 20 банддан иборат тинчлик режаси 29 сентябр куни Вашингтонда Нетаняҳу билан учрашув асносида эълон қилинган эди. Ҳужжатда барча исроиллик гаровдаги шахсларни озод қилиш, ҲАМАСнинг таслим бўлиши, анклавга инсонпарварлик ёрдами киритилиши ва Ғазони муваққат халқаро назорат остидаги маъмурият бошқарувига ўтказиш каби қадамлар назарда тутилган.

Томонлар бу масала юзасидан ҳали ҳам кескин фарқланувчи ёндашувларни сақлаб қолганига қарамай, америкалик расмийлар режа бўйича «ҳаракатлар давом этаётгани»ни таъкидламоқда. Исроил томони эса хавфсизлик нуқтаи назаридан эҳтиёткор позицияни ушлаб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп Нетаняҳуга беадаб гапириб, режани «ғалаба» деб атади