АҚШнинг Миссури университетида таҳсил олувчи 19 ёшли йигит сунъий интеллект билан бўлган суҳбати орқали фош бўлди. The Smoking Gun нашри ёзишича, суддаги асосий далил айнан унинг ChatGPT билан ёзишмаси бўлган — терговчилар буни айбини тан олиш сифатида баҳолаган.
Маълумотларга кўра, талаба университет шаҳарчасида вандаллик қилган: у 17 та автомобилни шикастлаган, ойналарини синдирган ва кузов қисмларини эзган. Кузатув камералари уни воқеа жойида бўлганини кўрсатган, аммо ҳал қилувчи далил ChatGPT билан ёзишган хабарлар бўлган.
Ҳодисадан кейин у чат-ботдан “мен қамоққа тушаманми?” деб сўраган ва “ана шу беҳуда машиналарни синдирдим” деб ёзган.
Ёш йигитга қасддан мулкка зиён етказиш моддаси бўйича айб қўйилган ва у Грин округи қамоғига жойлаштирилган. Суд уни 7500 доллар кафолат пули эвазига озод этиши мумкин.
Нашр таъкидлашича, АҚШда терговчилар ёзишмаларни гумондорнинг розилиги билан олади. Германияда эса бу фақат суд рухсати билан амалга оширилади. Шу билан бирга, Бремен Олий ер суди қарорларига кўра, айрим ҳолларда полиция гумондорнинг телефонини бармоқ изи орқали мажбурий равишда очиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!