Financial Post нашрининг маълум қилишича, ўз йўли билан муваффақиятга эришган Polymarket асосчиси, 27 ёшли Шейн Коплан дунёдаги энг ёш миллиардерлардан бири сифатида тан олинди.
Копланнинг стартапи — прогнозлар бозорига ихтисослашган Polymarket платформаси — сўнгги пайтларда молия дунёсида катта шов-шув яратди. Нью-Йорк фонд биржаси (NYSE) компанияга икки миллиард доллар сармоя йўналтирганидан сўнг унинг бизнеси янги босқичга кўтарилди. Ҳозир Polymarket'нинг умумий баҳоси 9 миллиард доллардан ошиб кетган.
Платформа фойдаланувчиларга турли воқеалар бўйича башорат қилиш ва пул тикиш имконини беради. Унда нафақат сиёсий жараёнлар, балки ҳар қандай соҳа бўйича “пулли прогноз” қилиш мумкин:
— президентлик сайловлари;
— халқаро сиёсий воқеалар;
— Нобел мукофоти совриндорлари;
— фильмлар ва сериалларнинг касса йиғимлари ва бошқалар.
Шейн Копланнинг ҳаётий йўли ҳам бошқалар учун ибрат бўларли. У бир неча йиллар илгари моддий қийин аҳволда бўлган, ҳатто ижара ҳақини тўлаш учун шахсий ашёларини сотишга мажбур бўлган. Бироқ бу ҳолат унга тўсқинлик қилмади.
2019 йилда у иқтисодчи Робин Ҳансоннинг “башорат бозори” ғояларини чуқур ўрганишни бошлади ва уларни амалда қўллашга қарор қилди. Шу орқали 2020 йилда, атиги 22 ёшида, Polymarket'ни ишга туширди.
Аммо унинг илк муваффақияти узоққа чўзилмади. АҚШдаги қонунчилик талабларига кўра, Polymarket фаолияти тақиқланди. Бу ёш тадбиркор учун жиддий зарба бўлди. Аммо Коплан таслим бўлмади — у компанияни қайта ташкил этиб, хорижий бозорларда фаолиятини давом эттирди.
Сўнгра вазият кескин ўзгарди. Доналд Трампнинг криптовалюталарга нисбатан ижобий сиёсати туфайли платформа яна Америка бозорига кириш имконига эга бўлди. Шу билан Polymarket учун янги давр бошланди.
Бугун Шейн Коплан нафақат молиявий муваффақият рамзи, балки янги авлод тадбиркорларининг фидоийлиги, таваккалчилик ва ишонч билан эришилган ютуғи сифатида тилга олинмоқда.
Унинг сўзларига кўра, “бошқалар учун оддий кўринган ғояни доимий меҳнат ва тўғри йўналиш билан дунёни ўзгартирувчи стартапга айлантириш мумкин.”
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!