date

Кобулдаги авиаҳужум Покистон толиблари етакчисининг умрига нуқта қўйди

Кобулдаги авиаҳужум Покистон толиблари етакчисининг умрига нуқта қўйди

9 октябрь куни кечқурун Афғонистон пойтахти Кобулда рўй берган кучли портлаш натижасида «Таҳрики Толибони Покистон» (ТТП) гуруҳи етакчиси Нур Вали Маҳсуд ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситаларига таяниб Asia-Plus хабар берди.

Маълумотларга кўра, портлаш Кобулнинг марказий қисмида — Абдулҳақ чорраҳаси яқинида ҳамда Карт-э-Ноу, Шаҳр-э-Ноу, Таймани ва Хайрхон туманларида содир бўлган. Маҳаллий фуқароларнинг сўзларига қараганда, ҳаводан берилган зарба оқибатида Land Cruiser русумли автомобиль портлаб кетган. Унда ТТП етакчиси, 47 ёшли Нур Вали Маҳсуд бўлгани маълум қилинди.

Маҳсуд 2018 йилда мулла Фазлуллоҳ ҳалок бўлганидан кейин гуруҳ раҳбари этиб тайинланган ва шу пайтдан бери Покистон ҳукумати томонидан халқаро қидирувга берилган эди. Манбаларнинг таъкидлашича, у жангарилар тармоғини молиялаштириш мақсадида одам ўғирлаш ва талончилик билан ҳам шуғулланган.

«Толибон» ҳаракати расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид портлаш содир бўлганини тасдиқлаб, ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Аммо ҳаракат ичидаги айрим манбалар Afghanistan International агентлигига маълум қилишича, ҳужум Покистон томонидан амалга оширилган ҳаво зарбаси натижасида содир бўлган.

Бу ҳодиса икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтга тўғри келди. Исломобод томони Афғонистон ҳудудида ТТП жангарилари яширилаётганини бир неча бор айблов сифатида билдирган эди.

Ҳужумдан сўнг Покистон мудофаа вазири Хўжа Асиф ижтимоий тармоқ орқали баёнот бериб, Кобулдаги ҳаво ҳужумларига бевосита ишора қилди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон толиблари Покистонлик жангариларни паноҳга олгани учун жавоб бериши лозим. “Биз террорчилар ва уларни қўллаб-қувватлаётганларга нисбатан сабримизни йўқотдик”, — деб ёзди вазир.

Афғонистоннинг БМТдаги вакили Носираҳмад Фоиқ эса мазкур ҳаракатни мамлакат ҳудудий яхлитлигини қўпол равишда бузиш, яъни тажовуз сифатида баҳолади. У “ҳар қандай баҳона остида бундай ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилиши мумкин эмас, чунки бу минтақада тинчлик ва барқарорликни издан чиқаради”, — дея таъкидлади.

Манбалар маълумотича, ҳодисадан сўнг Кобулдаги толиблар қўмондонлари огоҳ ҳолатга келтирилган. Маҳаллий ОАВлар бу воқеани Покистоннинг Афғонистон ҳудудидаги илк ҳаво амалиёти эмаслигини эслатди.

Сентябр ойи охирида Мозори Шариф шаҳрида “Ислом Давлати – Хуросон” бўлими қўмондони Муҳаммад Эҳсоний махсус хизматлар амалиётида йўқ қилингани ҳақида ҳам хабар берилганди.

Кобулдаги охирги ҳодиса эса икки давлат ўртасидаги зиддият яна авж олаётганини кўрсатмоқда — тинчлик сўзидан кўра тутун ва портлаш садолари янграётган бир вазиятда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кобулдаги авиаҳужум Покистон толиблари етакчисининг умрига нуқта қўйди