Россия президенти Владимир Путин Душанбе шаҳрида журналистлар билан суҳбат давомида мамлакатда ишчи кучига бўлган эҳтиёж, мигрантлар фаолияти ва қонунларга риоя этиш масаласи ҳақида фикр билдирди.
Унинг таъкидлашича, Россия бугунги кунда турли соҳаларда меҳнат ресурсларига эҳтиёж сезмоқда, аммо бу жараён тартиб ва қонун доирасида амалга оширилиши зарур.
“Россия ишчи кучига қизиқиш билдирмоқда, аммо у бизнинг эҳтиёжларимизга мос келиши муҳим. Шу билан бирга, меҳнат мигрантлари инсон шаънига мос шароитда яшаши ва қонун-қоидаларимизга қатъий риоя қилиши шарт. Мен ҳар доим улар қонунга итоаткор бўлиши кераклигини таъкидлайман”, — деди Путин журналистлар саволларига жавоб бериб.
Давлат раҳбари шу билан бирга бу соҳадаги айрим муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Албатта, муаммолар мавжуд. Россия фуқаролари ҳам баъзи ҳолатларга эътибор қаратишмоқда. Аввало, биз ўз ватандошларимиз манфаатини инобатга олишимиз лозим”, — деб қўшимча қилди у.
Россия етакчиси 9 октябрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ўтказилган музокаралар якуни бўйича ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, ҳозирда Россия ҳудудида бир миллиондан зиёд Тожикистон фуқароси яшаб, турли соҳаларда меҳнат қилмоқда.
“Улар қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт ва логистика каби фаол ривожланаётган тармоқларда ишлаб келмоқда. Бу одамлар Россия иқтисодиёти ўсишига катта ҳисса қўшмоқда”, — деди Путин.
Президент, шунингдек, Россия ҳукумати меҳнат мигрантлари учун муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиш бўйича ишлар олиб бораётганини ҳам таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат нафақат ишчи кучидан фойдаланиш, балки уларнинг қонуний ва инсоний шароитда фаолият юритишини таъминлашни ҳам муҳим вазифа деб билади.
Шу тариқа, Кремль раҳбари Россия меҳнат бозори очиқ эканини, аммо тартиб ва қонунга риоя қилиш биринчи ўринда туришини яна бир бор эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!