«Барселона»нинг ёш юлдузи Ламин Ямалнинг отаси Мунир Насрауига нисбатан ўтган йили амалга оширилган ҳужум ҳақида янги тафсилотлар маълум бўлди. Испаниянинг «La Vanguardia» нашри ёзишича, воқеа 2024 йил 14 август куни Каталониянинг Матaро шаҳрида, Ямал улғайган Рокафонда туманида содир бўлган. Бу маҳалла ёш футболчининг гол нишонлашда кўтарган «304» ишораси билан ҳам боғлиқ.
Маълумотларга кўра, автотураргоҳда келиб чиққан жанжал пайтида Мунир Насрауи бир неча марта пичоқланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ҳужумдан қочишга уринган, бироқ пичоқли шахс ортидан қувиб бориб, уни икки-уч марта кўкраги ва ёнбошига урган. Насрауи оғир ҳолда Бадалонадаги касалхонага ётқизилган ва шифокорлар унинг жароҳатларини «ҳаёт учун хавфли» деб баҳолаган. У бир неча кун давомида реанимацияда бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, воқеа оддий тушунмовчиликдан келиб чиққан. Аввалроқ кимдир учинчи қаватдан Насрауига сув сепган ва у бундан норози бўлган. Гувоҳлардан бирининг айтишича, у шунда “Бу нарса бўлиши мумкин эмас, мен тинч кетаётгандим. Яхши адвокат бу ишни ҳал қилади ёки кейин гаплашамиз”, деган. Орадан олти соат ўтиб, Насрауи автотураргоҳда ҳужумга учраган.
Айбдорлар эса ўзини ҳимоя қилганини даъво қилмоқда. Улар Насрауи жанжал вақтида улардан бирига зарба бериб, бурун суягини синдирганини, пичоқ эса унинг танишларидан бирининг қўлида бўлганини айтишган. Шу боис, ҳозирда Мунир Насрауининг ўзи ҳам жабрланувчи эмас, балки айбланувчи сифатида сўроқ қилинмоқда.
39 ёшли Насрауи икки ҳафта олдин Матaро судида гувоҳлик берган. Ҳодиса кунидаёқ бир нечта гувоҳлар алоҳида сўроқ қилинган ва уларнинг кўрсатмалари ҳозирги тергов жараёнининг асосини ташкил этмоқда.
Полиция тўрт нафар гумонланувчини қўлга олган, уларнинг бири — бевосита пичоқлашда айбланаётган шахс кейинчалик гаров эвазига озод қилинган ва янги адвокат ёллаган. У Насрауининг ўзи биринчи бўлиб ҳужум қилганини таъкидлаб, ўзини ҳимоя қилганини иддао қилмоқда.
Ҳозирда иш судда кўриб чиқилмоқда. Мунир Насрауининг соғлиғи тикланган бўлса-да, воқеа атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда. Каталония ОАВ бу ҳодисани «Ямал оиласи учун оғир синов» сифатида баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!