Оқ уйда иш жараёни яна бир бор диққат марказида бўлди. Бу сафар воқеа президент Доналд Трампнинг матбуот котиби Кэролайн Левитт ва HuffPost нашри вакили ўртасида юз берди, деб хабар берди HuffPost.
17 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида журналист Будапешт шаҳри Трамп ва Путин учрашуви учун нега танланганини сўради. Савол кўпчиликка оддийдек туюлган бўлса-да, Левиттнинг жавоби кескин ва кутилмаган бўлди.
«Буни сенинг онанг танлади», — деди у журналистга. Бу жавоб залдагиларни ҳайратга солди. Левитт бу билан тўхтаб қолмади ва журналистни қаттиқ танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, HuffPost вакили “ўта сўл қарашли ёзувчи” бўлиб, ҳамкасблари орасида ҳам жиддий қабул қилинмайди. “Медиадаги одамлар буни сенга айтмайди, лекин улар шундай ўйлайди”, — деди у.
Матбуот котиби журналистнинг саволларини “носамимий ва аҳмоқона” деб атади ва бундай “холисликдан йироқ” саволлардан чарчаганини билдирди.
Айни шу журналист 2021 йилда Доналд Трамп ҳақида “фойдали аҳмоқ” ибораси киритилган китоб ёзгани билан танилган эди. Шу сабабдан, икки томон ўртасидаги муносабат аввалданоқ таранг бўлгани тахмин қилинмоқда.
Воқеадан кейин Трамп журналистлар билан учрашуви чоғида ўз котибасини ҳимоя қилди. Президентдан Левиттни алмаштириш ҳақида сўрашди, аммо у буни рад этди. “Ҳеч қачон бундай бўлмайди”, — деди Трамп қатъий тарзда. Шу билан бирга, у Левитт ҳақида шов-шувли изоҳ ҳам берди: “Бу юз… ва бу лаблар пулемёт каби ишлайди, шундай эмасми?”, — деб қўшимча қилди.
Кэролайн Левитт ўз фаолиятини Трампнинг 2024 йилги сайлов кампаниясида матбуот котиби сифатида бошлаган. Унинг иш услуби қатъий ва тажовузкор деб баҳоланади. 2025 йил январидан у расман Оқ уй матбуот котиби лавозимини эгаллади.
28 ёшли Левитт бу мансабни эгаллаган АҚШ тарихидаги энг ёш шахс сифатида тарихга кирган. Унинг кескин баёнотлари кўпинча муҳокама марказига айланиб туради. Бир тараф уни жасур ва очиқ сўзли деб ҳисобласа, бошқалар уни профессионал этика чегарасини бузишда айблайди.
Шу билан бирга, Трампнинг ўз котибасига бўлган ишончи унинг сиёсий жамоаси ичида мустаҳкам бирликни сақлаб қолишни англатади. Аммо жамоатчилик фикри иккига бўлинган — бир қисми Левиттнинг қатъиятини олқишласа, иккинчилари унинг қўпол муносабатини АҚШ Оқ уйига ярашмайди, деб ҳисоблайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!