date

76 ёшдаги аёл танишув сайти орқали ҳақиқий муҳаббатни топди

76 ёшдаги аёл танишув сайти орқали ҳақиқий муҳаббатни топди

Жанет Фонтане исмли америкалик аёл ҳаётидаги энг катта орзусини амалга оширди: у 76 ёшида илк бор турмушга чиқди. Бу воқеа нафақат унинг яқинларини, балки минглаб одамларни илҳомлантирди, деб ёзади Business Insider.

Жанетнинг сўзларига кўра, у умри давомида муҳаббатга ва самимий муносабатларга ишонган, бироқ ўз тақдирига мос инсонни топа олмаган. Турли эркаклар билан муносабат ўрнатган бўлса-да, ҳатто йиллар давом этган айрим муносабатлар ҳам чинакам уйғунликни бермаган.

Нафақага чиққанидан сўнг у ҳаётида янги саҳифа очишга қарор қилди. 2016 йилда шахсий ривожланиш курсларига ёзилиб, ўзини қайта кашф этишни бошлади. Бу давр унинг ички дунёсига катта таъсир кўрсатди — у ўз қадрини, орзу ва мақсадларини англади.

“Ўзим устимда ишлай бошлаганимдан кейин, қолган ҳаётимни баҳам кўра оладиган инсонни топиш вақти келганини ҳис қилдим”, дейди у. Шу фикр билан у танишув сайтида рўйхатдан ўтди. Дугонаси ёрдамида анкета тўлдирди: у ерда саёҳат қилиш, чанғида учиш, ротари-клубдаги фаоллиги ва черков йиғилишларида қатнашиши ҳақида ёзди.

Орадан кўп ўтмай, тақдир уни 81 ёшли Клифф исмли эркак билан учраштирди. Клифф Аризонада яшар, Жанет эса Сиэтлда истиқомат қиларди. Масофа узоқ бўлишига қарамай, улар телефон орқали мунтазам гаплашиб турдилар. Бир неча ҳафталардан сўнг вино заводида илк учрашув бўлиб ўтди — у кунни Жанет ҳеч қачон унутолмаслигини айтди.

“Клифф ҳақиқий жентлмен эди. Биз уч соат давомида суҳбатлашдик, вақт қандай ўтганини билмадик”, дейди у. Илк иккиланишларга қарамай, Жанет бу муносабатни давом эттиришга қарор қилди. Улар бир-бирини тўлиқ тўлдирган жуфтликка айланишди.

Бир неча йил давом этган узоқ масофали муҳаббатдан сўнг Клифф Жанетга турмуш қуриш таклифини берди. “Мен эндиликда тиззалаб ўтира олмайман, лекин сени суйганимни сўз билан эмас, ҳаёт билан исботлайман”, деган эркак, узукларни биргаликда танлашни таклиф қилди.

Тўй ҳақиқий орзуга айланди — оппоқ либос, меҳмонлар, байрамона мусиқа ва суратчилар қуршовидаги никоҳ маросими. Жанет бу лаҳзани ҳаётининг энг бахтли куни сифатида эслайди.

“Биз ҳаётнинг катта қисмини алоҳида ўтказдик, энди эса сўнгги бўлимимизни биргаликда ёзмоқдамиз”, дейди Фонтане табассум билан.

Бу ҳикоя нафақат муҳаббатнинг ёши йўқлигини исботлайди, балки инсон ўз устида ишлаб, қалбини очса, тақдир ҳам шундай қадам ташлайди. Жанет ва Клиффнинг достони ҳаётда иккинчи имконият ҳар доим мавжудлигини яна бир бор кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 76 ёшдаги аёл танишув сайти орқали ҳақиқий муҳаббатни топди