Қуёш тизимидаги сирли тўққизинчи сайёрага оид янги далил топилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Тайванлик олимлар 1983-йилдаги Инфраред Астрономикал Сателлите ва 2006–2007-йиллардаги АКАРИ космик аппаратлари маълумотларини таҳлил қилиб, Қуёш тизимида Планет Нине бўлиши мумкин бўлган осмон жисмини аниқлади.
- Ушбу обектнинг ҳаракат хусусиятлари ва инфрақизил нурланиши Ер массасидан 7–17 баравар катта бўлиши мумкин бўлган, Қуёшдан 500–700 астрономик бирлик масофада жойлашган йирик сайёра тахминларига мос келади.
Тайванлик олимлар илгари ўтказилган космик кузатувлар маълумотларини қайта таҳлил қилиб, Қуёш тизимида мавжуд бўлиши тахмин қилинаётган тўққизинчи сайёра — Planet Nine бўлиши мумкин бўлган осмон жисмини аниқлади. Агар ушбу объект ҳақиқатан ҳам сайёра бўлиб чиқса, бу Қуёш тизимининг энг сирли жумбоқларидан бирига ойдинлик киритиши мумкин. Бу ҳақда “The Economic Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Тайваннинг Миллий Цинхуа университети (National Tsing Hua University) олими Терри Лонг Фан бошчилигидаги тадқиқотчилар 1983 йилда Infrared Astronomical Satellite космик телескопи томонидан олинган маълумотларни 2006–2007 йилларда Япониянинг AKARI космик аппарати тўплаган кузатув натижалари билан таққослаган.
Икки кузатув ўртасидаги 23 йиллик вақт фарқи олимларга осмон жисмларининг жойлашуви ўзгаришини солиштириш ва уларнинг ҳаракатини аниқлаш имконини берган. Тадқиқот давомида миллионлаб сигналлар орасидан осмон бўйлаб 47,46 бурчак дақиқасига силжиган объект ажратиб олинган. Унинг ҳаракат хусусиятлари ва инфрақизил нурланиши Қуёшдан жуда узоқда жойлашган йирик сайёра бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга мос келган.
Олимлар дастлаб сайёра бўлиши эҳтимол қилинган 22 та объектни аниқлаган. Кейин уларнинг хусусиятлари янада чуқурроқ ўрганилиб, номзодлар сони аввал 13 тага, сўнгра эса биттагача камайтирилган. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, охирги объектнинг массаси Ер массасидан 7–17 баравар катта бўлиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, Қуёш тизимининг бундай олис ҳудудларида жойлашган жисмларни оддий оптик телескоплар орқали аниқлаш жуда қийин. Қуёшдан 500–700 астрономик бирлик масофада бўлган объектларга Қуёш нури ниҳоятда заиф етиб боради. Шу сабабли уларни кўринадиган ёруғлик орқали кузатиш мураккаб ҳисобланади.
Бироқ йирик сайёралар фақат Қуёшдан келадиган нурни қайтариш билан чекланмайди, балки ўз ички иссиқлигини ҳам тарқатади. Бу жараёнда ҳосил бўладиган инфрақизил нурланишни махсус қурилмалар ёрдамида қайд этиш мумкин. Тадқиқотчилар айнан шу имкониятдан фойдаланиб, эҳтимолий сайёрани аниқлашга ҳаракат қилган.
Planet Nine нима учун олимларни қизиқтирмоқда?
Қуёш тизимида тўққизинчи сайёра бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин Нептун орбитасидан ташқарида ҳаракатланадиган айрим музли осмон жисмларининг ғайриоддий орбиталарини ўрганиш натижасида пайдо бўлган. Уларнинг ҳаракат йўналишлари ва орбиталари маълум ҳудудларда гуруҳлангандек кўринади. Бу эса ушбу жисмларга ҳали аниқланмаган йирик осмон жисмининг гравитацион таъсири бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Янги аниқланган объектнинг жойлашуви ҳам Planet Nine ҳақидаги мавжуд тахминларга мос келади. Агар унинг сайёра экани тасдиқланса, олимлар Қуёш тизимининг чекка қисмидаги айрим жисмлар нима сабабдан одатдагидан фарқ қилувчи орбиталар бўйлаб ҳаракатланишини тушунтиришга янада яқинлашади.
Тадқиқот натижалари “Publications of the Astronomical Society of Australia” илмий журналида эълон қилинган. Шунга қарамай, олимлар ҳозирча топилган объектни Planet Nine ёки Қуёш тизимининг янги сайёраси сифатида расман тасдиқлагани йўқ. Шу боис унинг табиати ва ҳақиқий хусусиятларини аниқлаш учун қўшимча кузатувлар зарур.
Кейинги босқичда тадқиқотчилар Чилида жойлашган 4 метрлик Blanco телескопига ўрнатилган Dark Energy Camera ёрдамида мазкур объектни қайта кузатишни режалаштирмоқда. Бу орқали унинг ҳозирги жойлашуви ва ҳаракатини аниқлаш, шунингдек, кузатув натижалари тахмин қилинган орбитага мос келиш-келмаслигини текшириш кўзда тутилган.
Демак, ҳозирча сирли тўққизинчи сайёранинг мавжудлиги исботланган эмас. Бироқ эски космик кузатувлар маълумотларидан олинган янги натижалар олимларга бу саволга жавоб топиш учун яна бир имконият тақдим этмоқда.






























Изоҳлар 0
…