date

Мисрда инсоният тарихидаги энг йирик музей очилди

Мисрда инсоният тарихидаги энг йирик музей очилди

Қоҳира шаҳрида 20 йиллик интизорлик ва бир неча бор кечиктирилган лойиҳанинг ниҳоясига етиши — қиймати 1 миллиард долларга тенг “Буюк Миср музейи” (Grand Egyptian Museum) ўз эшикларини омма учун очди.

Бу иншоот дунёдаги энг катта қадимий цивилизация музейи сифатида тарихга кирди. Унда 50 мингдан зиёд нодир экспонатлар жой олган, жумладан, фиръавн Тутанхамон мақбарасида топилган барча бойликлар илк бор тўлиқ кўргазмага қўйилди.

Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сиси очилиш маросимида буни “инсоният маданияти тарихидаги бетакрор воқеа” деб атади. Унинг таъкидлашича, мазкур музейда қадимги мисрликлар даҳоси билан замонавий авлод ижодкорлиги уйғунлашган.

Янги музей йилига 5 миллионга яқин сайёҳни қабул қилиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич уни дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган маданий марказлардан бирига айлантириши мумкин. Солиштириш учун, Франциянинг машҳур Лувр музейига 2024 йилда 8,7 миллион киши ташриф буюрган эди.

Пирамидалар ёнида қад ростлаган ушбу замонавий архитектура мўъжизаси учбурчак шакли билан ажралиб туради. Бинонинг ички қисмида олти қаватли зинапоя қадимги ҳайкаллар билан безатилган. Музей таркибида катта конференция зали, замонавий кутубхона, болалар музейи, дам олиш ҳудудлари ва ресторанлар ҳам фаолият юритади.

Бироқ айрим машҳур экспонатлар ҳали кўргазмага қўйилмаган — Розетта тоши ҳозирча Лондон Британия музейида, Нефертити ҳайкали эса Берлиндаги Неуэс музейида сақланмоқда. Мисрликлар бу артефактларни ватанга қайтариш масаласини яна кўтармоқда.

Лойиҳа 2005 йилда бошланган бўлиб, сиёсий беқарорлик ва пандемия сабаб бир неча бор тўхтаб қолган. Музей 2024 йил октябрида қисман ишга тушган, аммо Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш туфайли тантанали очилиш маросими кейинга қолдирилган эди.

Энди эса “Буюк Миср музейи” 4 ноябрдан бошлаб ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача фаолият юритади. Катталар учун кириш чиптаси 1 450 миср фунти, яъни тахминан 27 еврога тенг этиб белгиланган.

Миср ҳукумати бу музейни нафақат миллий ифтихор, балки мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшадиган туризм маркази сифатида кўрмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мисрда инсоният тарихидаги энг йирик музей очилди