
Эрон ҳукумати пойтахтни кўчириш режасидан воз кечди. Энди Теҳрон сув танқислигини янги технологиялар орқали ҳал этишни мақсад қилмоқда, деб хабар берди Tasnim News.
Президентнинг денгиз ресурсларини бошқариш бўйича вакили Али Абдулализода маълум қилишича, Форс кўрфазидан Теҳронга сув етказиб бериш лойиҳаси тўлиқ амалга оширилган. Минтақавий аҳамиятга эга бу лойиҳа мамлакат мутахассислари томонидан яратилган ва ҳозирда пойтахт учун ягона ишончли ичимлик суви манбаи сифатида қаралмоқда.
Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг якуний режаси — Теҳрондаги сув ва экология билан боғлиқ муаммоларни янги технологиялар ҳамда ресурсларни самарали бошқариш орқали ечишдан иборат.
Ҳозир пойтахтда бешта катта сув омбори мавжуд бўлиб, улар орқали шаҳар аҳолиси ичимлик суви билан таъминланади. Бироқ уларнинг аксари ҳозир абгор ҳолатда экани маълум қилинган. Шу сабабли 9 ноябрдан бошлаб кечаси сув босими пасайтирилмоқда.
Мутасаддилар маълумотича, сув захираларининг қисқариши бу йил кузатилган сўнгги 60 йилдаги энг кучли қурғоқчилик ва иссиқ тўлқинлар билан боғлиқ. Аммо экспертлар бу инқирознинг асосий сабабини сув ресурсларини самарасиз бошқариш ва қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг сустлиги билан изоҳламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.