date

130 минг одамни алдаган хитойлик “Бойлик маъбудаси” қамалди

130 минг одамни алдаган хитойлик “Бойлик маъбудаси” қамалди

Британияда Хитой фуқароси, молиявий пирамиданинг асосчиси деб танилган Қиан Жимин (Яди Чжан номи билан ҳам маълум) 130 мингга яқин одамни фирибгарлик йўли билан алдагани учун 11 йил 8 ойга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар берди Sky News.

47 ёшли аёл 2017 йилда Хитойдан сохта паспорт билан қочиб келган. У криптовалюта орқали тузилган “инвестицион схема” орқали одамларни тез бойиш ва юқори фоизли даромад ваъдаси билан жалб қилган. Натижада у 40 миллиард юань (5,6 миллиард доллар)дан зиёд маблағни тўплаган ва ўзини “Бойлик маъбудаси” деб атаган.

Тергов давомида полиция Қианнинг яшаш жойидан 61 279 биткоин, 300 минг фунт нақд пул ва “хазина харитаси”га ўхшаш ҳужжатлар топган. Бу биткоинлар ҳозирги кунда 6 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга бўлиб, Британия тарихидаги энг катта криптовалюта мусодараси ҳисобланади.

Маълум бўлишича, Қиан ва унинг шериклари ўзларини қимматбаҳо заргарлик маҳсулотлари бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорлар сифатида таништирган. Улар Лондоннинг энг нуфузли туманларида жойлашган виллалар, Harrods дўконларида минглаб фунтлик кийимлар ва Mercedes E-Class каби автомобиллар сотиб олган.

Қиан 2023 йил апрель ойида Йорк шаҳридаги Airbnb уйида ҳибсга олинган. Суд жараёнида у айбини рад этмаган, аммо “фақат сармоядорлар ишончини тиклашни истаганини” айтган.

Судья Салли-Анн Ҳейлз уни “жиноятнинг бошидан охиригача режалаштирувчи ва бошқарувчи” деб таърифлади. Фирибгар аёлнинг шериклари Жиан Вен 6 йил 8 ойга, Сенг Ҳок Линг эса 4 йил 11 ойга қамалган.

Прокурорлар маълум қилишича, фирибгардан олинган пулларнинг бир қисми 95 миллион юаньлик заргарлик буюмлари ва қиммат уйларга сарфланган. Жабрланувчиларнинг кўпчилиги барча жамғармасидан, ҳатто уйидан айрилган.

Ҳозирда мусодара қилинган биткоинлар тақдири ва жабрланувчиларга товон тўлаш тартиби ҳақида қарор ҳали қабул қилинмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » 130 минг одамни алдаган хитойлик “Бойлик маъбудаси” қамалди