date

2032 йилда астероид ой билан тўқнашиши мумкин

2032 йилда астероид ой билан тўқнашиши мумкин

Инсоният 2032 йилда 2024 YR4 номли астероиднинг Ой юзаси билан тўқнашувига гувоҳ бўлиши мумкинлиги маълум қилинди. IFL Science тарқатган маълумотларга кўра, мазкур космик жисм илк бор 2024 йил декабрда Чилидаги ATLAS телескопи орқали қайд этилган. Дастлаб астероид Ер учун хавф туғдириши мумкинлиги тахмин қилинган бўлса-да, кейинги кузатувлар бу эҳтимолни мутлақо инкор этди. Энди эса олимлар Ойга бўлган потенциал таҳдидни ўрганишга киришган.

Тадқиқотлар шундан далолат бермоқдаки, астероиднинг Ой билан тўқнашув эҳтимоли тахминан 4,3 фоизни ташкил этади. Бу хулосага Ғарбий Онтарио университети физика профессори Пол Виергт бошчилигидаги гуруҳ келган. Агар тўқнашув амалга ошса, Ойда диаметри тахминан бир километрга тенг кратер пайдо бўлиши ва энергия чиқиши 6,5 мегатонна тротил эквивалентига етиши мумкин. Мутахассислар бундай жараённи сўнгги беш минг йилдаги энг йирик Ой зарбаси сифатида баҳоламоқда.

Бундай космик ҳодиса фақат визуал манзара билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Зарбадан сочилган Ой моддалари Ердан кўринадиган кучли метеор оқимини юзага келтириши эҳтимол қилинади. Шу билан бирга, айрим сунъий йўлдошлар орбитал ҳаракатига зарар етиши хавфи ҳам истисно қилинмайди.

Жон Хопкинс университети астрофизиги Эндрю Ривкиннинг айтишича, ҳозирча тўлиқ хулоса чиқаришга эрта. Чунки воқеанинг кескинлиги астероиднинг аниқ қайси нуқтага тушишига боғлиқ. Шунга қарамай, НАСА зарурат туғилганда Ой ва сунъий йўлдошларни муҳофаза қилиш мақсадида астероид йўналишини ўзгартириш учун ядровий технологиялардан фойдаланиш сценарийларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Астероидни янада аниқ кузатиш имконияти 2026 йил ўрталаридан бошлаб Жеймс Уэбб телескопи орқали пайдо бўлади. Бу унинг ўлчамлари ва ҳаракат траекториясини янада аниқ баҳолашга ёрдам беради. Профессор Виергтнинг таъкидлашича, 2027 йил бошларидаги кузатувлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бироқ таҳдид тасдиқланса, эҳтиёт чоралари учун вақт жуда қисқа бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » 2032 йилда астероид ой билан тўқнашиши мумкин