10:08 / 17.01.2017
12 644

Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда... Асад ва Аллуш Астанада Сурия тинчи учун учрашадилар

Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда... Асад ва Аллуш Астанада Сурия тинчи учун учрашадилар

Миллионлаб инсонларнинг тинчини бузган Суриядаги қирғинбарот урушнинг барҳам топиши 2017 йилнинг энг муҳим ҳодисаси бўлиши тайин. Бу йўлдаги жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани кишини хурсанд қилади албатта. Уруш ва унинг аянчли оқибатларини Дамашқда истиқомат қилаётган саккиз яшар Мария исмли қизалоқ ўзининг чизган расмлари билан ифодалаб бергани минглаб инсонлар қалбини ларзага келтирганини айтмайсизми! Унинг отаси Бассем Баргути: “Минг афсуски, қизим тинчлик нима эканлигини билмай улғаймоқда. Сурияда уруш бошланган вақтда қизим эндигина уч ёшга тўлган эди”, - дейди алам билан. Яхшиямки, Мариянинг отаси бор. Бу воқеа ҳақида эшитганимда беихтиёр шоира Зулфиянинг шеъри ёдимга келди.
Уруш!
Номинг ўчсин жаҳонда,
Ҳамон битмас сен солган алам.
Сен туфайли кўп хонадонда
ОТА номли буюк шодлик кам!

Кўплаб норасидаларни отасиз қолишига сабаб бўлаётган урушнинг тугаши бизни қувонтирмай қўймайди.
Қизалоқ Мариядан "Уруш нима?" - деб сўралганда, у “Инсонларнинг бир-бирларига нисбатан меҳр-оқибатсиз бўлишлари”, деб жавоб берди.
Оқибат, меҳр кўтарилмасин инсонлардан. Ер юзида бирорта гўдак ота меҳридан жудо бўлмаслиги, энг қимматли кишисидан ажралиб, болалик гаштини суриш ўрнига аянчда қолмаслиги учун: “Уруш, номинг ўчсин жаҳонда” дегимиз келади.
Суриядаги тинчлик кўп жиҳатдан 23 январь куни Қозоғистон пойтахти Астанада ўтказиладиган музокараларга боғлиқ. Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркия раҳбари Ражаб Тайип Эрдоғанлар қарама-қарши томонлар вакилларини Астанага таклиф этишган. Унда минтақадаги яна бир йирик давлат Эрон ҳам иштирок этади. Куни кеча АҚШ давлат котиби Жон Керри янги сайланган Трамп вакиллари ҳам ушбу йиғинда иштирок этишларига умид билдирди.
Бундан сал аввалроқ Сурия президенти Башар Асад “музокаралар натижаси унда қайси мухолифат вакиллари иштирок этишига боғлиқ. У Сурия ҳалқи вакилларидан иборат бўлиши керак. Саудлар, французлар ёки британияликлардан иборат бўлмаслиги керак” - дея баёнот берганди. Бугун матбуотда тарқалган хабарларга кўра, Астанада ҳукумат қаршисига қайси муҳолифат вакиллари чиқиши маълум бўлди. Ҳукуматга қарши "Жейш ал Ислом" гуруҳи вакили Муҳаммад Аллуш Cурия муҳолифати делегациясига раҳбарлик қилади. У билан бирга турли қуролли гуруҳлар етакчилари ҳам ҳозир бўладилар. Энг муҳими томонларнинг музокара столи атрофида тўпланиши. Барча масалалар бўйича келишув аста-секин амалга оширилаверади. Чунки, яқин олти йилдан бери давом этаётган тўқнашувлар нафақат Сурия халқини, балки бутун дунёни чарчатди. Бу чарчоқни ёзадиган даврни “хуш келдинг” деймиз. Ўлкадаги тинчликни “хуш келдинг” деймиз. Тинчлик ер юзида абадул-абад бўлсин деймиз!

Анвар Икрамов

Манба: Vodiymedia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уруш! Номинг ўчсин жаҳонда... Асад ва Аллуш Астанада Сурия тинчи учун учрашадилар