date

Қирғизистонда судьялар коррупция ва жазо енгиллаштириш иши бўйича ҳибсда

Қирғизистонда судьялар коррупция ва жазо енгиллаштириш иши бўйича ҳибсда

Қирғизистонда суд тизимини силкинтирган катта можаро юз берди — Бишкек шаҳар судининг уч нафар собиқ судьяси ва бир прокурор бир неча йил аввал оғир жиноят содир этган шахснинг жазосини ноқонуний равишда енгиллаштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат ИИВ расмий баёнот берди.

Тергов материалларига кўра, судьялар Сания Бранчаева, Жанил Мамбетали ва Қайсин Абакиров, шунингдек, прокурор Дастан М. 2016 йилда Қумарбек Абдиров исмли жиноятчининг жазосини камайтиришда иштирок этган. Абдиров 21 ёшли қизни ўлдиришга уринишда айбли деб топилган ва 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Бироқ, тергов хабарига кўра, ушбу мансабдорлар адвокат С.Ж. орқали амалга оширилган коррупцион келишув асосида ЖПК талабларини бузган ҳолда унинг жазосини енгиллаштирган. Натижада Абдиров 2018 йили амнистия асосида эркинликка чиқиб кетган.

Ушбу қарорнинг оқибати эса ҳақиқий фожиага айланди.

2025 йил сентябрида Абдиров 17 ёшли Ойсулув Мукашевани зўрлаб ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу иш бутун мамлакат бўйлаб жамоатчилик қаршилигига сабаб бўлиб, Президент Садир Жапаров ҳатто ўлим жазосини қайтаришни кўриб чиқишни буюрди.

Тергов давомида Абдиров ва унинг қариндошлари судьяларнинг уни озодликка чиқариш учун қандай коррупция схемасидан фойдаланганини батафсил айтиб берди. Адвокат ҳам пора воситачилигида гумонланиб ҳибсга олинди. Судьяларга қарши жиноий иш қўзғатилиши учун зарур рухсатни Судьялар кенгаши расман берди.

Эътиборлиси, мазкур уч судья аввалроқ коррупцияга қарши текширувлар натижасида лавозимидан бўшатилган эди.

Ойсулув иши юзасидан ўтказилган сўроқлар давомида Абдиров бир неча аёлни зўрлагани ва ўлдирганини ҳам тан олган.

Мазкур иш Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тизимининг энг оғир синовларидан бирига айланиб, мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қанчалик зарур эканини яна бир бор кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистонда судьялар коррупция ва жазо енгиллаштириш иши бўйича ҳибсда