
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида «Москва–Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган VanHool автобуси йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ақтўбе вилоятидаги консулхонаси хабар берди. Ҳодиса 30 ноябрь куни соат 21:00 да содир бўлган, шу вақтда автобусда Ўзбекистоннинг 54 нафар фуқароси бўлган. ЙТҲ натижасида бирон-бир жабрланган йўловчи ёки ҳалок бўлган киши йўқ.
Ҳодиса бўлиб ўтгани ҳақида ахборот берилганидан сўнг, барча йўловчилар тезда фавқулодда вазиятлар хизмати ва полиция ходимлари томонидан эвакуация қилинди. Улар айни пайтда Ақтўбе вилоятининг Айтекеби туманида жойлашган Қорабутоқ қишлоғидаги масжидга вақтинча жойлаштирилган. Йўловчиларга озиқ-овқат ва бошқа зарур ёрдам кўрсатилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон фуқароларини қўшимча автобус орқали тезкор равишда Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Воқеа Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Бош консуллиги томонидан назоратга олинган бўлиб, Қозоғистоннинг масъул идоралари билан алоқа ўрнатилган. Барча тадбирлар Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш учун амалга оширилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.