
Кремль баёноти: россия генералининг ҳисоботи
Шимолий ва шарқий йўналишлардан фронтдаги вазият кескинлашмоқда. Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 30 ноябр куни Президент Путинга Покровск (Донецк вилояти) ва Волчанск (Харкив вилояти) шаҳарларини қўлга киритганини эълон қилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 1 декабр куни бу ҳисобот ҳақида расман маълум қилди. Ҳисоботда, шунингдек, Мирнограднинг жанубий қисми назорат остига олингани ва Гуляйполе шаҳрини эгаллаш операцияси бошлангани ҳам тилга олинган.
Киевнинг раддияси: жанглар давом этмоқда
Бироқ, Украина томони бу маълумотларни қатъий инкор қилмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский 1 декабр куни Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувдан сўнг, Покровск ва Волчанск эгаллангани ҳақидаги хабарларни рад этди. Шу билан бирга, Зеленский ушбу ва бошқа йўналишлардаги вазият "ҳали ҳам мураккаблигича қолаётганини" тан олди. Украина Қуролли кучлари Бош штабининг кечки ҳисоботида Покровск йўналишида 49 та ҳужумкор ҳаракат амалга оширилгани ва жанглар ҳануз бешта локацияда давом этаётганини тасдиқлади.
Ғарб аудиториясига мўлжалланган "дипломатик босим"
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко Россиянинг бу баёнотларини ғарб аудиторияси учун "дипломатик босимни ошириш" ҳаракати деб атади. Унинг сўзларига кўра, Волчанск ва олдинроқ эгаллангани айтилган Купянск шаҳарлари ҳануз Украина назоратида. Фронтдаги ўзгаришларни кузатувчи OSINT-лойиҳалар харитасида ҳам Волчанск ёки Покровск Россия армияси томонидан тўлиқ назорат остига ўтганини акс эттирмаган.
Ҳужум суръатининг тезлашуви: дронлар ва об-ҳаво омили
Шу билан бирга, DeepState каби Украина OSINT-лойиҳалари Россия қўшинларининг Украина ҳудудини босқини тезлашгани ҳақида огоҳлантирган эди. Урушни ўрганиш институти (ISW) баҳосига кўра, фронтдаги вазиятга, айниқса Покровск яқинида, Россиянинг Украина армиясининг таъминот йўлларига қарши дронлар орқали олиб борилган узоқ муддатли ҳужумлари асосий таъсирни кўрсатган. ISW, шунингдек, туман ва ёғингарчилик каби ноқулай ҳаво шароити ҳам Россия армиясининг муваффақиятига ёрдам берганини таъкидлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.