11:34 / 01.02.2017
6 894

Кремль Мирзиёев ва Путин учрашувига тайёргарлик кўрмоқда

Кремль Мирзиёев ва Путин учрашувига тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон ва Россия етакчилари учрашуви яқин 2-3 ой ичида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков «Известия» нашрига маълум қилган, деб ёзади Кун.уз сайти. Шавкат Мирзиёев Москвага қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш ва Россия нефтига божларни бекор қилиш учун бир қарорга келиш мақсадида боради, дейилади нашр хабарида. Шунингдек ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳам долзарб бўлиб турибди.

«Известия» нашрининг Ўзбекистон раҳбариятидаги юқори лавозимли суҳбатдоши сўзларига кўра, музокараларда энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш, ҳарбий-техник ҳамкорлик ва муҳожирлик сиёсати масалалари муҳокама этилиши режалаштирилган.

- Россия ўзбек қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун катта бозордир. Шунинг учун ҳам бу бозорни кенгайтириш масалалари муҳокама этилиши устувор бўлиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳасини янада ривожлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни қабул қилди. Унда пахта майдонларини қисқартириш ва мева плантациялари ҳамда бошқа экинлар етиштиришни ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, ўзбек томони Россия нефтини божсиз етказиб бериш масаласини ҳам яна кўтариши мумкин. Маълумки, Ўзбекистоннинг бироз вақт аввалги нефтни божсиз етказиб бериш борасидаги илтимоси РФ ҳукумати томонидан рад этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистондан бўлган муҳожирлар масаласи ҳам муҳокама этилади, — дея айтиб ўтган «Известия» суҳбатдоши.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бўлиб ўтиши режалаштирилаётган музокаралар икки мамлакат шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлайди.

Маълумот учун, Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг сентябрь ойида қисқа муддатли музокаралар ўтказишганди. Ўшанда Россия президенти Хитойдан қайтиши чоғида Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйганди. Ўша учрашув давомида ҳар икки сиёсатчи икки мамлакат ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ҳақида фикр алмашишган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кремль Мирзиёев ва Путин учрашувига тайёргарлик кўрмоқда