date

Қирғизистон Конституциявий суди: ўлим жазоси тикланмайди!

Қирғизистон Конституциявий суди: ўлим жазоси тикланмайди!

Қирғизистон Конституциявий суди мамлакат президенти Садир Жапаровнинг ўлим жазосини қайта тиклаш бўйича илгари сурган ташаббусини қатъий рад этди. Президент маъмурияти аввалроқ болаларни зўрлаш ва шафқатсиз қотиллик каби оғир жиноятлар учун олий жазо чорасини қайтариш мақсадида тегишли қонун лойиҳасини Конституциявий судга тақдим этган эди.

Инсон ҳуқуқлари — Олий қадрият

Конституциявий суд томонидан эълон қилинган расмий баёнотда қайд этилишича, таклиф этилган ўзгартиришга баҳо беришда унинг Мамлакат Асосий қонунига (Конституцияга) салбий таъсири инобатга олинган.

Таъкидланишича, Қирғизистон Конституциясида инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мустаҳкамланган. Инсон ҳуқуқларининг ҳимояси эса конституциявий тузумнинг тамалини ташкил этади. Шу нуқтаи назардан, ўлим жазосининг бекор қилиниши ва яшаш ҳуқуқининг устуворлиги нафақат ҳуқуқий, балки қадрият жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро мажбуриятлар устунлиги

Суд ўз хулосасида халқаро ҳуқуқий меъёрларни ҳам ёдга олган. Қирғизистон Асосий қонунига мувофиқ, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари мамлакат ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми ҳисобланади ва давлат уларга риоя этиш мажбуриятини олган.

Суднинг қатъий хулосасига кўра, Қирғизистонда конституциявий ўзгартириш орқали ўлим жазосини тиклаш Асосий қонунга зид ва юридик жиҳатдан имконсиздир. Натижада, ўлим жазосини тиклаш ҳақидаги қонун лойиҳаси референдумга қўйилиши ҳам мумкин эмас. Конституциявий суд қарори кучга кириши билан ушбу лойиҳани тарғиб этиш билан боғлиқ барча ҳаракатлар тўхтатилади.

Ташаббус сабаби: Иссиқкўлдаги фожиа

Президент Садир Жапаровнинг ушбу таклифни илгари суришига жорий йил октябрь ойи бошида содир бўлган шафқатсиз фожиа — иссиқкўллик 17 яшар Ойсулув исмли қизнинг шафқатсизларча ўлдирилиши сабаб бўлган эди. Қиз 41 ёшли эркак томонидан ўғирлаб кетилгани, зўрлангани ва кейинчалик ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Қирғизистонда ўлим жазоси 2007 йилда бекор қилинган эди. Сўнгги вақтларда вояга етмаганларга нисбатан жиноятлар, айниқса ўлдириш ва зўрлаш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиши манзарасида олий жазони қайтариш таклифи жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон Конституциявий суди: ўлим жазоси тикланмайди!