
Камбоджа ҳукумати Таиланд билан чегарадаги барча ўтказиш пунктларини ёпди. Бу қарор икки давлат ҳарбий кучлари ўртасидаги тўқнашувлар давом этаётган пайтда қабул қилинди. Расмийларга кўра, чегара хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қатнов вақтинча тўхтатилган.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп томонлар ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини билдирган эди. Бироқ шанба куни ҳам жанглар давом этди. Таиланд расмийлари тўрт нафар аскар ҳалок бўлганини маълум қилди. Камбоджа томони қурбонлар сони бўйича янгиланган маълумот бермади.
Томонлар бир-бирини ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларида айбламоқда. Камбоджа Мудофаа вазирлиги Таиланд ҳарбий самолётлари айрим бинолар ва кўприкка зарба берганини билдирди. Таиланд эса Камбоджа ракета ҳужумлари оқибатида тинч аҳоли жароҳатланганини маълум қилди. Чегара ҳудудларидан камида 700 минг киши хавфсиз жойларга кўчирилди.
Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги можаро узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган чегара низоси билан боғлиқ. Олдин ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувлар бўлганига қарамай, томонлар ўртасида ишонч тикланмаган. Шу сабабли вазият ҳозирча кескинлигича қолмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.