
Сидней шаҳридаги Бонди-Бич пляжида юз берган қонли отишма пайтида фавқулодда жасорат кўрсатган маҳаллий дўкондор Аҳмад ал-Аҳмад шифохонага ётқизилди. У ҳужумчилардан бирининг қуролини тортиб олиб, кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолгани билан бутун дунё эътиборига тушди.
Оила аъзоларининг маълум қилишича, 43 ёшли Аҳмад ал-Аҳмадга икки марта ўқ теккан. Унинг елкаси ҳамда қўлининг кафт қисмига жиддий жароҳат етган ва шифохонада жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Ҳозирда унинг аҳволи барқарор, шифокорлар вазиятни назорат остида ушлаб турибди.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеоёзувларда отишма бошланган дастлабки лаҳзалар акс этган. Кадрларда Аҳмад ал-Аҳмад аввал машиналар ортига яшириниб, кейин эса ўқ узиб турган шахсга сездирмасдан яқинлашгани, уни ерга йиқитиб, қуролини тортиб олгани кўрилади. У бу ҳаракати билан пляжда йиғилган минглаб одамларнинг ҳаётини хавфдан асраб қолди.
Австралия полицияси ҳужумчилар қандай қурол ишлатганига ҳали аниқлик киритмади. Маълум бўлишича, ҳужум Сиднейдаги машҳур Бонди-Бич пляжида яҳудийларнинг Ҳанука байрами нишонланаётган пайтда содир этилган. Ҳодисани 50 ёшли эркак ва унинг 24 ёшли ўғли амалга оширган. Ота воқеа жойида ҳалок бўлган, ўғли эса ўта оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Қурбонлар сони 15 нафарга етган бўлиб, бу Австралия тарихида сўнгги 30 йилдаги энг йирик оммавий қотиллик сифатида қайд этилди.

Аҳмад ал-Аҳмад – Сиднейда мева-сабзавот дўконини бошқариб келаётган, икки фарзанднинг отаси. Унинг амакиваччаси Мустафо 7News Australia нашрига берган интервьюсида шифокорлар операциядан кейин унинг аҳволи барқарор эканини маълум қилганини айтди.
«У юз фоиз қаҳрамон. Унинг жасорати туфайли бу куни кўплаб одамлар омон қолди. Биз ҳали тўлиқ маълумот кутяпмиз, аммо умид қиламизки, у тез орада соғайиб кетади», — деди Мустафо.
Аҳмад ал-Аҳмаднинг жасорати халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланди. АҚШ президенти Доналд Трамп уни «жуда, жуда жасур инсон» деб атаб, кўплаб инсонларнинг ҳаёти айнан унинг ҳаракати сабаб сақланиб қолганини таъкидлади. Янги Жанубий Уэлс штати бош вазири Крис Миннс эса уни «ҳақиқий қаҳрамон» деб атади ва бу видеони ўзи кўрган энг ақл бовар қилмас саҳналардан бири сифатида баҳолади.
Аҳмад ал-Аҳмадни қўллаб-қувватлаш мақсадида очилган GoFundMe хайрия кампанияси доирасида бир неча соат ичида 300 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ йиғилди. Энг йирик хайрияни миллиардер Билл Экман амалга ошириб, 99 999 Австралия доллари ажратди ва кампания ҳаволасини ижтимоий тармоқларда тарқатди.
Австралия бош вазири Энтони Албанезе ҳам бу воқеага муносабат билдириб, оддий инсонлар оғир вазиятда бошқалар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз жонини хавф остига қўя олишини таъкидлади.
Бонди-Бичдаги ушбу фожеа бутун дунёга бир ҳақиқатни яна бир бор эслатди: қаҳрамонлик ҳар доим форма ёки лавозимга боғлиқ эмас, баъзан у оддий дўкондорнинг бир зумлик жасоратида намоён бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.