date

Озод этилган беларуслик сиёсий маҳбуслар: Трамп ва Зеленскийга раҳмат!

Озод этилган беларуслик сиёсий маҳбуслар: Трамп ва Зеленскийга раҳмат!

Беларусь ҳокимияти томонидан яқинда озод этилган сиёсий маҳбуслар — мухолифат сиёсатчилари Мария Колесникова ва Виктор Бабарико, ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Лабкович ҳамда сиёсатшунос Александр Федута — якшанба куни, 14 декабрда Украинанинг Чернихив вилоятида биринчи матбуот анжуманини ўтказдилар. Улар қамоқдаги даврлари ва озодликка чиқиш тафсилотларини омма эътиборига ҳавола этдилар.

Озод этиш жараёни бир кун аввал, Минскда АҚШ делегацияси билан Беларусь расмийлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларнинг натижаси сифатида амалга ошган.

Колесникова: Қароримдан афсусланмайман

Мария Колесникова 2020 йилда Беларусь Республикасини тарк этишдан бош тортгани ва шундан сўнг ҳибсга олингани ҳақида афсусланмаслигини билдирди.

Колесникова: “Мен Виктор Дмитриевич (Бабарико) ва унинг ўғли Эдуард ифода этаётган тўғри ғояни қўллаб-қувватлаганимга, қадриятларимни ҳимоя қилганимга ишонганман ва ҳануз шундай. Мен ёлғиз эмасман, бундайлар кўп”.

У озодликка чиқишдаги саъй-ҳаракатлар учун АҚШ ва Украина президентлари Доналд Трамп ва Володимир Зеленскийга ўз миннатдорчилигини изҳор этди.

Колесникова: "Ишнинг ўлик нуқтадан силжиши ва ижобий ўзгаришларга умид пайдо бўлгани учун Доналд Трамп ва унинг жамоасига раҳмат айтмоқчиман. Президент Зеленскийга ва бутун Украина халқига — бизларни қабул қилганингиз учун раҳмат".

У Беларусь раҳбари Александр Лукашенкога ҳам сиёсий маҳбусларни озод қилишга рози бўлгани учун миннатдорлик билдириб, бу йўналишда кейинги қадамлар бўлишига умид қилди.

Бабарико: Яккаланиш ва саломатлик муаммолари

Виктор Бабарико сўнгги уч йил давомида тўлиқ яккаланган ҳолда сақланганини ва хат ёзиш ёки қўнғироқ қилиш имконияти бўлмаганини маълум қилди. У ўғли Эдуард Бабарико ҳақида хавотирда эканини билдирди; Эдуард ҳозирда Оршадаги қаттиқ режимли колонияда бўлиб, унга яна 2 йил қўшиб берилган.

Собиқ президентликка даъвогар қамоқда ҳали ҳам тахминан минг нафар одам қолганини эслатди.

Бабарико: “Тушуниш керак: бу озод қилиш етарлича медиявий, машҳур инсонларга тегди. Лекин биз ҳеч қачон фамилиясини эшитмаган одамларни унутмаслигимиз керак”.

Бабарико қамоқ даврида саломатлиги билан боғлиқ муаммолар бўлганини, жумладан, 2023 йилда "назорат қилиб бўлмайдиган ҳушдан кетишлар" кузатилганини айтди.

Бабарико: “Шундай ҳушдан кетишлардан бирида уйғониб кетдим ва қовурғам сингани, ўпкам йиртилгани, икки томонлама ўпка яллиғланиши борлиги аниқланди, менимча, бошимда 23 та ёриқ ҳам бор эди. Бу қандай содир бўлганини билмайман. ... “Урилдим” ёки “мени калтаклашди” деб айта олмайман — мен билан нима бўлганини билмайман”.

У Новополоцк ва республика шифохоналари шифокорларига ўз вақтида профессионал ёрдам кўрсатганликлари учун миннатдорлик билдирди.

Украинага миннатдорчилик

Ҳуқуқ ҳимоячиси Владимир Лабкович ва сиёсатшунос Александр Федута ҳам Украина томонининг "илиқ, қулай ва жуда меҳмондўст" қабули учун миннатдорчилик изҳор қилдилар. Лабкович, шунингдек, баъзи озод этилганларда фақат расм туширилган маълумотнома мавжудлигини айтди.

Александр Федута озод бўлганидан сўнг Украинадаги ҳамширалар ва волонтёрлар билан суҳбатлашганда "мамлакат учун уят ҳиссини" туйганини тан олди.

Федута: “Чунки шундай воқеалар бўлаётган мамлакатда бизларни илиқ ва очиқ кўнгил билан қабул қилишяпти, ҳолбуки ўша шифокорлар ва волонтёрлар ... биздан кўпроқ ёрдамга муҳтож одамларга ёрдам бериш билан шуғулланади. Шунинг учун раҳмат сизларга, украинлар”.

Беларусь ҳокимияти жами 123 кишининг сиёсий қамоқдан озод этилганини 13 декабрь куни — Лукашенко ва АҚШ делегацияси ўртасидаги музокаралардан сўнг эълон қилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Озод этилган беларуслик сиёсий маҳбуслар: Трамп ва Зеленскийга раҳмат!