
Оқ уй деворларида АҚШ собиқ президентлари портретлари остида янги маълумот тахталари пайдо бўлди. Уларда давлат раҳбарларининг фаолияти кескин, сиёсий тусда ва баҳсли тарзда ифодаланган. Мазкур ташаббус амалдаги президент Доналд Трамп томонидан илгари сурилган бўлиб, АҚШ жамиятида ҳам, халқаро майдонда ҳам катта муҳокамаларни келтириб чиқарди.
“Президентларнинг шон-шараф хиёбони” деб номланган ушбу экспозиция Оқ уйнинг Ғарбий қанотини асосий қароргоҳ билан боғлайдиган девор бўйлаб жойлаштирилган. Илгари бу ерда президентлар портретлари анъанавий тарзда, нисбатан нейтрал тарихий маълумотлар билан тақдим этилган бўлса, эндиликда айрим раҳбарлар ҳақидаги лавҳалар янги, баҳсли таърифлар билан тўлдирилди.
Reuters нашрининг ёзишича, лавҳаларда келтирилган маълумотлар кўп ҳолларда субъектив баҳоларга асосланган. Айрим танқидлар эса тарихий манбалар ёки мустақил тадқиқотлар билан тўлиқ тасдиқланмаган. Бу ҳолат тарихчилар ва сиёсий таҳлилчилар орасида жиддий саволлар уйғотмоқда.
Энг катта ўзгаришлар Барак Обама ва Жо Байденга оид қисмларда кузатилди. Жо Байденга бағишланган лавҳада у “Америка тарихидаги энг ёмон президент” сифатида таърифланиб, коррупция ва “ақлий таназзул”да айбланган. Эътиборли жиҳати шундаки, аллеяда Байденнинг расмий портрети йўқ — унинг ўрнига автоперо сурати қўйилган. Бу эса унинг президентлиги даврида фармонларни имзолаш услубига нисбатан рамзий танқид сифатида қабул қилинмоқда.
Барак Обама эса “энг зиддиятли сиёсий арбоблардан бири” деб таърифланган. Лавҳада унинг ички ва ташқи сиёсатдаги бир қатор қарорлари танқид остига олинган. Шу билан бирга, экспозицияда Ҳиллари Клинтоннинг 2016 йилги президентлик сайловидаги мағлубияти, шунингдек, аввалги президентларнинг урушлар ва иқтисодий стратегияларга оид баҳсли қарорлари ҳам Трамп маъмурияти қарашлари нуқтаи назаридан ёритилган.
Кўплаб тарихчилар ва ОАВ вакиллари бундай ёндашувдан хавотир билдирмоқда. Улар таъкидлашича, Оқ уй анъанавий равишда миллий бирлик рамзи ҳисобланади ва у ерда президентлар, сиёсий қарашларидан қатъи назар, давлат институтига ҳурмат руҳида тақдим этиб келинган.
Оқ уй расмийлари эса янги лавҳалар “президентлар маъмурияти фаолиятини ҳаққоний акс эттиради”, дея изоҳ бермоқда. Бироқ Reuters қайд этганидек, экспозицияда келтирилган айрим баёнотлар ҳужжатли далиллар билан тўлиқ қўллаб-қувватланмаган. Шу боис, мазкур кўргазма АҚШда тарих ва сиёсатни қандай талқин қилиш масаласида янги баҳслар очиб бермоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.